«Пахтакор» дуранг ўйнади
Футбол бўйича Элит Осиё чемпионлар лигасининг умумий босқичи иккинчи турида «Пахтакор» Саудия Арабистонининг «Ал-Қодисия» клубига қарши майдонга тушди.
Тошкентдаги «Пахтакор» стадионида ўтган учрашувнинг 35-дақиқасида Кристофер Баа чап қанотдан узатган тўпни Тижжани Рейндерс голга айлантирди. Биринчи бўлимга қўшиб берилган дақиқаларда мезбонлар ҳисобни тенглаштиришга эришди. Акмал Мозговойнинг аниқ узатмасидан кейин Стефен Чинеду бош билан рақиб дарвозасини ишғол қилди. Бироқ, VAR тизими голни ўйиндан ташқари ҳолат сабаб бекор қилди.
Иккинчи бўлимда ҳар икки жамоа бир қатор хавфли вазиятлар яратди. Учрашувнинг 89-дақиқасида Достонбек Ҳамдамов ўзи ишлаган пенальтини аниқ амалга ошириб, ҳисобни тенглаштирди — 1:1. Қолган дақиқаларда ҳисоб ўзгармади ва жамоалар бир очкодан қўлга киритди.
Энди Тошкент клуби Элит Осиё чемпионлар лигасининг учинчи турида сафарда Ироқнинг «Ал-Қува Ал-Жавия» жамоаси билан куч синашади. Учрашув 26 октябрь куни бўлиб ўтади.
Бугун эса Ўзбекистоннинг яна бир клуби — «Нефтчи» Саудия Арабистонининг «Ал-Наср» клубига қарши сафарда майдонга тушади. Ар-Риёд шаҳридаги «Ал-Аввал Парк» стадионида ўтадиган учрашув Тошкент вақти билан соат 23:15 да бошланади.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА