Москвада ёш оғир атлетикачимиз ғалаба қозонди
Россия Федерацияси пойтахти Москва шаҳрида оғир атлетика бўйича давом этаётган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) очиқ кубоги комплекс мусобақасида Ўзбекистон мадҳияси янгради.
ШҲТга аъзо мамлакатларнинг маҳоратли оғир атлетикачилари иштирокида ўтаётган халқаро турнирнинг илк кунги баҳсларида супага кўтарилган ҳамюртимиз Рушания Камзина -49 кг. вазн тоифасида Ўзбекистон терма жамоасига илк олтин медални тақдим этди.
Тошкентда таваллуд топган истеъдодли ёш оғир атлетикачимиз -49 килограмм вазн тоифасининг даст кўтариш баҳсларида 67, 71 ва 73 кг. оғирликдаги тошларни муваффақиятли кўтарди.

Рушания Камзина силтаб кўтариш баҳсида 91 килограмм оғирликдаги тошни бўйсундириб, иккикураш якунига кўра 164 кг. оғирликни забт этиши натижасида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) очиқ кубогининг олтин медалини қўлга киритди.
Мазкур вазн тоифасида кумуш ва бронза медаллари Россия ва Беларусь спортчиларига насиб этди.
Тақдирлаш маросимида Рушания Камзинанинг ғалабаси шарафига Ўзбекистон мадҳияси янграб, байроғимиз Москва спорт майдонида юксалди.
Эслатиб ўтамиз, 6 нафар оғир атлетикачимиз қатнашаётган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) очиқ кубогининг оғир атлетика мусобақалари 21 ноябрга қадар давом этади.
Т.Рўзиев,
ЎзА