«Пахтакор» бу турда ҳам очко йўқтди
Футбол бўйича Ўзбекистон Суперлигасининг 16-тур доирасида «Сўғдиёна» ўз майдонида «Андижон»ни қабул қилган бўлса, Тошкентда «Пахтакор» ҳамда «Бухоро» жамоалари ўзаро муносабатларга ойдинлик киритди.
Тошкентда кечган турнинг марказий баҳсида «Пахтакор» учрашувни фаол бошлади. Дастлаб 17-дақиқада Дилшод Саитов ҳисобни очган бўлса, орадан ўн бир дақиқа ўтиб Стефан Чинеду жамоасининг устунлигини янада мустаҳкамлади. Биринчи бўлимни икки тўплик афзаллик билан якунлаган мезбонлар иккинчи таймда бу устунликни сақлаб қола олмади. 75-дақиқада Владимир Родич ҳисобни қисқартирди, 83-дақиқада эса Санжар Қувватовнинг автоголи меҳмонларга муҳим бир очко келтирди — 2:2.
Жиззахда бўлиб ўтган баҳсда эса «Сўғдиёна» ва «Андижон» ўртасидаги кураш узоқ вақт давомида голсиз кечди. Учрашув тақдири 78-дақиқада ҳал бўлди. Ойбек Нурматовнинг аниқ узатмасидан унумли фойдаланган Люпчо Дориев ягона голга муаллифлик қилиб, жамоасига ғалаба келтирди.
16-тур учрашувлари доирасида бугун, 7 август куни «Сурхон» — «Навбаҳор», «Локомотив» — «Динамо» ҳамда «Хоразм» — «Машъал» баҳслари ўтказилади.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА