Пахтачиликда инновацион тизимнинг ижобий самараси
Мамлакатимизда қишлоқ хўжалигини, айниқса, пахтачилик соҳасини барқарор ва инновацион ривожлантиришга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар аграр соҳани сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишда муҳим омил бўлмоқда.
Давлатимиз раҳбари томонидан аграр соҳага кўрсатилаётган эътибор, фермерлар учун яратилаётган имкониятлар, жорий этилаётган инновацион йўллар ва давлат томонидан кўрсатилаётган қўллаб-қувватлаш чоралари пахтачиликда самарадорликни ошириш учун мустаҳкам замин яратмоқда.

Айниқса, Қорақалпоғистон Республикаси каби табиий-иқлим ва тупроқ шароитлари ўзига хос бўлган ҳудудларда пахтадан юқори ҳосил олиш агротехнологик тадбирларни илмий асосда ташкил этишни тақозо этади. Бугунги кунда республика фермер хўжаликларида мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланган ҳолда, бу йилги ҳосилни ўз вақтида ва сифатли йиғиб-териб олишга пухта тайёргарлик кўрилмоқда.
Бу йил Қорақалпоғистон Республикасидаги ғўза майдонларида маҳаллий шароитга мослаштирилган навлар билан бир қаторда хорижий селекцияга тегишли Xin Lu Zhong-41, Xin Lu Zhong-73, Xin Lu Zhong-78, Xin Lu Zhong-87, Hongtai-66/36, T-115 каби ғўза навлари ҳам етиштирилмоқда. Турли навларни ишлаб чиқариш шароитида синаб кўриш, уларнинг тупроқ-иқлим шароитларига мослашувчанлиги, ўсиш ва ривожланиш хусусиятлари, шунингдек, ҳосилдорлик кўрсаткичларини ўрганиш пахтачиликда юқори самарадорликка эришишнинг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади.

Пахтачиликда юқори ҳосилдорликка эришиш фақат сифатли уруғлик ёки нав танлаш билан чекланиб қолмайди. Бу жараёнда тупроқ унумдорлиги, сув ва озуқа режими, ҳарорат, ёруғлик, ўсимликларнинг физиологик ҳолати, агротехник тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши каби кўплаб омилларнинг ўзаро уйғунлиги ҳам ҳал қилувчи аҳамиятга эга.
Қорақалпоғистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазири Комилжон Айтбаевнинг Қорақалпоғистон деҳқончилик илмий-тадқиқот институтининг тажриба майдонида фермерлар билан ўтказган амалий семинарида ҳам ушбу масалаларга алоҳида эътибор қаратилди. Семинар давомида пахтачиликдаги "8 қоида"нинг мазмун-моҳияти, уларнинг ғўза ўсимлигининг ўсиши, ривожланиши ва ҳосилнинг шаклланишидаги аҳамияти кенг тушунтирилди.

Бу қонуниятларнинг амалий аҳамияти шундан иборатки, ғўза ҳосилдорлиги биргина омилга эмас, балки барча ҳаётий омилларнинг ўзаро мувофиқлигига боғлиқ. Масалан, ўсимликка зарур бўлган озиқ элементларининг ортиқча ёки етарли бўлмаган миқдорда берилиши унинг ривожланишига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Шунинг учун макро ва микроэлементлардан фойдаланишда ўсимликнинг биологик талаблари, тупроқдаги мавжуд озиқ моддалар миқдори ва ҳосилнинг шаклланиш босқичларини ҳисобга олиш талаб этилади. Мутахассисларнинг таъкидлашича, айниқса, азот, фосфор ва калий билан бир қаторда бор, марганец ва бошқа микроэлементларнинг ғўза физиологиясидаги ўрни муҳимдир.
Семинарда, шунингдек, ғўзанинг ўсиши ва ривожланишини рағбатлантириш мақсадида айрим биологик фаол моддалардан фойдаланиш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Хусусан, ачитқилар, бор кислотаси, ацетилсалицил кислотаси (аспирин) каби моддаларнинг ўсимлик физиологиясига таъсирини ўрганиш, улардан фойдаланиш имкониятлари ва самарадорлигини тажриба-синов асосида баҳолашга эътибор қаратилди.
Бу борада Қорақалпоғистон деҳқончилик илмий-тадқиқот институти илмий-тадқиқот натижаларини фермерлар амалиётига яқинлаштириш мақсадида тажриба майдонларида амалий семинарлар ташкил этилиши илм-фан билан ишлаб чиқариш ўртасидаги алоқаларни янада мустаҳкамламоқда.
Пахтачиликда меҳнат қилаётган деҳқон ва фермерларнинг иқтисодий манфаатдорлигини ошириш ҳам соҳани ривожлантиришнинг муҳим шартларидан бири. Меҳнат самарадорлигининг ортиши фермер хўжаликлари даромадининг кўпайиши билан бирга қишлоқ жойларда аҳолини банд қилиш, мавсумий иш ўринлари яратиш ва аҳоли турмуш даражасини яхшилашга ҳам хизмат қилмоқда. Бугун пахтачиликда юқори натижаларга интилаётган фермерлар сафи кенгайиб бораётгани ҳам соҳада шаклланаётган янги йўлларнинг амалий натижасидир.
Қорақалпоғистон шароитида пахтачиликни янада ривожлантиришда илм-фан ва амалиёт уйғунлигини таъминлаш, илмий асосланган агротехнологияларни кенг жорий этиш, навларнинг ҳудудий мослашувини баҳолаш, ўсимликларнинг озиқланиш тизимини такомиллаштириш ҳамда фермерларнинг билим ва кўникмаларини мунтазам равишда ошириб бориш долзарб вазифалардан бири бўлиб қолмоқда.
– Бугун ҳар биримиз смартфондан фойдаланамиз. Унинг процессори, хотираси ва камераси қанчалик кучли бўлмасин, керакли дастурлар бўлмаса, имконияти тўлиқ очилмайди. Қишлоқ хўжалигида ҳам шундай: яхши нав, сифатли уруғ ва кучли генетика – катта имконият. Ерни тайёрлаш, тўғри экиш, сув ва озуқа бериш, ғўза тупини шакллантириш, зараркунандалардан ҳимоя қилиш, униб чиқишини бошқариш ва далани тоза сақлаш, давлат томонидан қўллаб-қувватлаш (субсидиялар ва имтиёзли кредитлар) эса ушбу имкониятни ишга туширадиган механизм ҳисобланади. Бу – генетика билан эпигенетик билимнинг янги бирлашуви, яъни генетика навга потенциал беради, сув, озуқа, нур, ҳарорат, стресс ва тарбия эса ушбу салоҳиятнинг қай даражада намоён бўлишини белгилайди, – дейди Қорақалпоғистон деҳқончилик илмий-тадқиқот институти директори, қишлоқ хўжалиги фанлари номзоди Бекмурат Турдишев.
Ана шу тамойиллар асосида янги нашр – “Пахтачиликда юқори ҳосилдорлик сари: ҳар бир фермер бажариши шарт бўлган 8 қонун” номли услубий қўлланма тайёрланди. У ўзбек, рус ва инглиз тилларида ягона тўплам сифатида нашр этилмоқда. Бу ерда “қонун” деганда ҳуқуқий ҳужжат эмас, балки эътибордан четда қолдирилса, оқибати ҳосилда дарҳол кўринадиган асосий агротехник қоидалар назарда тутилади.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири