Пахта териш машиналари мавсумга шайми? (+видео)
Шу ойнинг охирида пахтачиликда хирмон кўтарадиган палла бошланади. Бугунги кунда соҳа тўлиқ механизациялашмоқда. Ҳозирда 1700 дан ортиқ пахта терим машиналари шайхолга келтирилган ва яна 1000 таси улар сафига келиб қўшилади. Бу ҳақида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси томонидан йил якунлари ва жорий йилги режаларга бағишлаб ўтказилган матбуот анжуманида батафсил маълумот берилди.
Миллий матбуот марказида ўтказилган анжуманда таъкидландики, “Ўзагроинспекция” томонидан 2026 йилнинг ўтган даврида 46 971 та мониторинг тадбирлари ўтказилиб, аниқланган камчиликларни бартараф этиш мақсадида салкам 40 мингта огоҳнома киритилди.
Шунингдек, хўжалик юритувчи субъектларда профилактика тадбирлари ўтказилиб, уларга амалий ёрдам кўрсатилди. Ўтказилган 10 мингга яқин текшириш давомида аниқланган қонунбузилишлар бўйича 4 885 та ҳолатда 7 893 млн сўм маъмурий жарима қўлланилди, 3 229 та тақдимнома тегишли идораларга киритилди ва 1 728 та материал қонуний қарор қабул қилиш учун суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига юборилди.
- 2 111 та ҳолатда 290 гектар майдонда ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаш ва тупроқ унумдор қатламига зарар етказиш каби қонунбузилишлар аниқланиб, етказилган 131 миллиард сўмдан зиёд зарар ҳисобланди, - дейди “Ўзагроинспекция” бошлиғи ўринбосари Валижон Ҳасанов. - 2026 йил ҳосили учун 22 минг тонна маҳаллий ва 18.4 минг тонна импорт чигит лабораториядан ўтказилиб, 1.4 минг тонна сифатсиз уруғликнинг муомалага чиқишига йўл қўйилмади. Апробация тадбирлари натижасида 265 минг тоннадан ортиқ сифатли уруғлик ғалла жамғарилди.
Давлат эҳтиёжлари учун қабул қилинган дондан фойдаланиш ва ташиш жараёнлари устидан қатъий назорат ўрнатилиши эвазига 14 851 тонна буғдойнинг табиий йўқотилиши иқтисод қилинди. Қишлоқ хўжалиги уруғчилигида сертификатлаштириш жараёнлари тўлиқ рақамлаштирилиб, QR код ва ягона реестр асосида сертификатларни онлайн текшириш имконияти яратилди.
Матбуот анжумани савол-жавоблар руҳида ўтди ва журналистлар томонидан йўлланган саволларга батафсил жавоб қайтарилди.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/Fic5GyN3ikY" title="Paxta terish mashinalari mavsumga shaymi?" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Санжар Тошпўлатов, Ойбек Давронов,
Алимурод Мамадаминов (фото), Улуғбек Тўхтаев, ЎзА