Моҳир фоторассом Абдуғани Жумаевнинг маҳорат мактаби
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси ташаббуси билан Миллий матбуот марказида таниқли фотожурналист ва фоторассом, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, Ўзбекистон Бадиий академияси аъзоси Абдуғани Жумаев иштирокида маҳорат мактаби бўлиб ўтди.
Унда ОАВ вакиллари, талабалар, ёш ижодкорлар ҳамда жамоатчилик вакиллари иштирок этиб, фотожурналистика сирлари ва касбий маҳоратни ошириш борасида қимматли маълумотларга эга бўлди.
Машғулот давомида кадр танлаш, воқеа-ҳодисаларни холис акс эттириш, оддий манзарадан мазмунли ҳикоя яратиш ҳамда фотосуратда бадиий ифода ва ҳаётий ҳақиқат уйғунлигини таъминлаш масалаларига эътибор қаратилди. Устоз ўзининг кўп йиллик ижодий тажрибаси ва касбий фаолиятига оид фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашди.
Абдуғани Жумаев ижодида Ўзбекистоннинг мустақиллик йилларидаги муҳим ижтимоий-сиёсий ва маданий жараёнлар, бунёдкорлик ишлари, миллий қадриятлар, Наврўз байрами манзаралари ҳамда санъат намояндаларининг образлари алоҳида ўрин тутади.
Устоз фотограф – ўз ишининг ҳақиқий устаси, ҳар бир лаҳзани санъат асарига айлантира оладиган моҳир ижодкор. У ҳаётнинг ҳам оддий, самимий, бетакрор ва энг гўзал онларини тасвирга муҳрлаб, ҳар бир суратга ўзгача нафосат, самимият ва маъно бағишлайди. Унинг ижодида ҳар бир кадр – алоҳида бир ҳикоя, ҳар бир сурат эса унутилмас хотира. Абдуғани Жумаев нафақат гўзалликни тасвирга олади, балки уни инсон қалбига етказа билади. Унинг маҳоратли нигоҳида оддий лаҳзалар ҳам бетакрор санъатга айланади.
Ижодкорнинг «Бунёдкорлик эпоси» («Эпопея созидания») фотокўргазмасида Ҳазрати Имом мажмуаси, Халқаро форумлар саройи ва «Бунёдкор» стадиони каби йирик иншоотларнинг қурилиш жараёнлари, халқ меҳнати ва юрт ободлиги йўлидаги бунёдкорлик ишлари акс этган. Шунингдек, у миллий санъат намояндалари, жумладан, Муножот Йўлчиеванинг портрет суратлари билан ҳам танилган.
[gallery-31981]
Маҳoрат мактабида фотожурналист учун техник билимлар билан бир қаторда кузатувчанлик, холислик, масъулият ва ижодий тафаккур ҳам муҳим экани таъкидланди. Зеро, таъсирчан сурат — муайян давр, инсон ва воқелик ҳақида ҳикоя қилувчи муҳим визуал манбадир.
Тадбир ёш журналистлар ва талабаларга тажрибали устоз билан мулоқот қилиш, билимларини бойитиш ва касбий маҳоратини ошириш имконини берди.
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси томонидан ташкил этилаётган бундай маҳорат мактаблари ёш ижодкорларни қўллаб-қувватлаш, тажриба алмашинувини ривожлантириш ва миллий журналистика анъаналарини давом эттиришга хизмат қилади.
Н.Усмонова,
С.Ўрмонов (сурат),
ЎзА