Қишлоқ хўжалиги вазирлигида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 15 декабрдаги “Пахтачиликда уруғчилик тизимини ривожлантириш ҳамда пахта ҳосилдорлигини оширишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида” қарори ижросига қаратилган йиғилиш бўлиб ўтди.
Йиғилиш аввалида, мазкур қарорда келтирилган бандлар ижросини таъминлаш, бу борада соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар, юқори ҳосилдор хорижий ғўза навлари ва дурагайларини мамлакатимизга олиб кириш ҳамда пахта-тўқимачилик кластерлари ва фермер хўжаликлари тасарруфидаги пахта экиладиган майдонларга жойлаштириш масалалари муҳокама қилинди.

Қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Алишер Шукуров хориждан юқори ҳосилдор хорижий ғўза навлари ва дурагайларини олиб кириш ҳамда парваришлашда ҳар бир навга хос бўлган юқори самарадор агротехнологияларни қўллаш, пахта-тўқимачилик кластерлари ва фермер хўжаликлари томонидан ғўза навларини жойлаштиришда кафолатланган уруғ таъминотига мувофиқ эркинлик берилиши масалаларига эътибор қаратиш лозимлигини қайд этди.
Маълумки, “Пахтачиликда уруғчилик тизимини ривожлантириш ҳамда пахта ҳосилдорлигини оширишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида” қарорига кўра, ҳудудларда ҳар 2 йилда экилаётган навни тўла алмаштириш, ҳар йили тегишли нав уруғини бошқа ҳудудлардан олиб келиш орқали уруғ алмаштириш ва йиллик қўшимча уруғ захирасини яратиш билан келгусида босқичма-босқич “тиндирилган уруғ” экиш амалиёти жорий қилиниши белгилаб қўйилган эди.

2024 йил 1 январдан бошлаб Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Пахтачилик кенгаши мутахассислари назорати остида тажриба-синов тариқасида юқори ҳосилдор хорижий ғўза навлари ва дурагайларини олиб кириш ҳамда пахта-тўқимачилик кластерлари ва фермер хўжаликлари тасарруфидаги пахта экиладиган майдонларнинг 10 фоизигача жойлаштиришга истисно тариқасида рухсат берилади.

Йиғилишда таъкидланишича, ҳар бир вилоятда хориждан уруғ олиб келишга кўмаклашиш бўйича Штаблар фаолияти йўлга қўйилади ва бунда, Уруғчиликни ривожлантириш маркази, Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази (АКИС), Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентликлари ходимларидан иборат Республика ишчи гуруҳи ташкил этилиб, ҳар бир ҳудудга масъул ходим бириктирилади.
Шунингдек, Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлигининг хориждан уруғ олиб келувчилар томонидан карантин рухсатномасини олиш учун келиб тушган мурожаатларга қисқа муддатларда хулосалар бериш чорасини кўриш бўйича масъулларга топшириқлар берилди.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА