Пашинян: Арманистон 2027-2028 йилларда ЕИга ариза топшириши мумкин
Арманистон 2027 ёки 2028 йил Европа Иттифоқига аъзо бўлиш учун расман ариза топшириши мумкин. Бу ҳақда Бош вазир Никол Пашинян “Euronews” нашрига берган интервьюсида маълум қилди. Унинг таъкидлашича, ЕИга қўшилиш демократияни ҳимоя қилиш йўлидаги стратегик қадамдир.
Пашинян арманистонликлар Брюссель ва Россия бошчилигидаги Евросиё гуруҳи ўртасида танлов қилиши кераклигини таъкидлади. Шу билан бирга Ереваннинг вазиятини Украина билан қиёслашларига қўшилмаслигини билдирди. Яъни, ҳукумат фуқароларга мамлакат келажагини мустақил белгилаш имконини бериш ниятида.
– Келаси йил режамиз амалга ошиши мумкин, – деган у. – Биз ЕИга расман аъзо бўлиш учун ариза топшириш бўйича якуний қарор қабул қилишга олиб борадиган жараённи бошладик.
Август ойида Пашинян парламентдаги чиқиши чоғида ҳукумат яқин келажакда тегишли ариза топшириш режалаштирилаётганини айтган. Ушбу қадам Жанубий Кавказда жойлашган Арманистонни Москва таъсири доирасидан олиб чиқиб, Брюссель билан яқинлаштиради.
Бош вазир мазкур ҳаракатни 2018 йилги инқилобдан кейин мамлакатда қарор топган демократия муҳофазасига қаратилган стратегик танлов сифатида баҳолади. Ўшанда Россияга хайрихоҳ сиёсатчилар ҳокимиятдан четлатилган эди.
– Халқимиз учун демократия вазиятга қараб ўзгарадиган масала эмас, – деган ҳукумат бошлиғи. – Бу – стратегик танлов. ЕИ Арманистон Республикасининг демократик ислоҳотлар акс этган кун тартибини амалга оширишдаги асосий ҳамкорларидан бири бўлиб келмоқда.
Россия Арманистонга нисбатан жавоб чораси кўриш билан таҳдид қилган. Жумладан, мамлакатга энергия етказиб бериш тўхтатилиши эҳтимоли тилга олинган. Масалан, РФ собиқ Президенти Дмитрий Медведев Арманистон ҳам Украинанинг вазиятига тушиб қолиши мумкинлиги ҳақида таҳдидли баёнот берган. Бу ҳақдаги саволга жавоб берар экан, Пашинян айни қиёсни инкор этиб, мамлакат мустақиллигини ҳимоя қилиш етакчининг асосий вазифаси эканини таъкидлади.
Кенжа Бекжонов, Салимжон Обиджонов (видео), ЎзА