Арманистон Туркия, Европа Иттифоқи ва АҚШ билан муносабатни чуқурлаштиради
Арманистон ўзаро муносабатни яхшилаш мақсадида, ҳукуматнинг 2026-2031 йилларга мўлжалланган лойиҳа дастурига мувофиқ, Туркия билан камида икки чегара-ўтиш манзили очиш ниятини маълум қилди.
Ҳужжатда Европа Иттифоқи билан стратегик шериклик ривожлантирилиб, тузилмага аъзолик тўғрисида қонун ишлаб чиқилиши акс этган. Шунингдек, ЕИ ҳудудига кирувчи фуқаролар учун виза талабини бекор қилиш мақсадида жараённи осонлаштириш бўйича ҳаракат режаси якунланиши режалаштирилмоқда.
Маълумки, Ереван кейинги беш йил АҚШ билан ҳамкорликни, жумладан, TRIPP ташаббуси орқали чуқурлаштиради. Лойиҳада Арманистон учун янги Конституция қабул қилиниши ҳам назарда тутилган.
Махсус брифингда Бош вазир Никол Пашинян мамлакат ташқи сиёсати кўп қиррали тизимга кўчаётганини айтди. Ҳукумат дастури чегарани делимитация қилиш, Озарбайжон билан тинчликни расман тизимлаштириш, Туркия билан дипломатик алоқа ўрнатиш, ЕИ ва АҚШ билан алоқани чуқурлаштириш, шунингдек Эрон, Хитой, Ҳиндистон билан ҳамкорликни мустаҳкамлашга ҳам қаратилган.

Шунингдек, етакчи аввалги ёндашув қайта кўриб чиқилиши туфайли кун тартибида тинчлик ва Арманистоннинг асл манфаати қарор топганини таъкидлади.
Россия билан муносабат мавзусига тўхталар экан, Пашинян Москва ва ЕОИИ таркибидаги бошқа ҳамкорлар Арманистонга Европага интилиш масаласида бирор кескин шарт қўймаётганига урғу берди. Унинг таъкидлашича, ЕИ билан муносабат бўйича референдум ўтказишга чақирувчи қўшма баёнот дўстона ишора, холос. Шу боис мамлакат ташқи алоқаларни диверсификация қилишда давом этади.
– Россия бозорини тўлиқ очса ҳам, биз ҳозирги йўналишда саъй-ҳаракатни давом эттирамиз, – деди ҳукумат раҳбари экспортни бошқа бозорларга кенгайтириш ҳақида гапирар экан.
С.Раҳимов, ЎзА