Партия вакиллари тиббиёт маркази фаолияти билан танишди
Шундай оғир хасталиклар борки, бундай касалликка чалинган беморлар ва уларнинг яқинлари шифокордан, тиббиёт хизматларидан илҳақлик билан умидвор бўлади. Ана шундай оғир касалликлардан бири онкологик хасталиклардир. Афсуски, бу дард билан оғриётган беморлар сони ортиб бормоқда. Ушбу касалликларнинг олдини олиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётгани эьтиборга молик.
Республика ихтисослаштирилган Онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт марказида Ўзбекистон “Адолат” СДП Тошкент шаҳар Кенгаши билан ҳамкорликда “Аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар борасида яратилган шарт-шароитлар ва уларнинг сифатли тиббий хизматга бўлган эҳтиёжини қондириш” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.
Тадбирда “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси Робахон Маҳмудова иштирок этди.
- Фахр билан эътироф этиб ўтишим керакки, партиямиз электоратининг катта қисми тиббиёт ходимларидан иборат. Партиямиз шу кунга қадар сайловолди дастурида энг асосий тамойиллардан бири сифатида белгилаб қўйилган аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашга қаратилган қатор лойиҳаларини амалга ошириб келмоқда. Республикамиз бўйлаб хизмат кўрсатадиган барча онкология марказларидаги мавжуд муаммолар, ютуқ ва камчиликлар билан яқиндан танишиш мақсадида олиб борилган ўрганиш ишлари ҳам шулар жумласидандир. Пировард натижа, ўрганишларимиз асосида соҳа ривожига ҳисса қўшувчи таклифлар ишлаб чиқиш, фуқароларимиз оғирини енгил, мушкулини осон этишдан иборат, – деди Робахон Маҳмудова.
Давра суҳбатида Республика ихтисослаштирилган Онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт марказининг фаолиятига оид масалалар муҳокама қилинди, марказ вакилларининг таклифлари тингланди.
Тадбир сўнгида марказнинг бир гуруҳ раҳбар ва ходимлари “Адолат” СДП сафига қабул қилинди.
Муҳтарама Комилова,
Носир Ҳайдаров(сурат),
ЎзА