Партия ташаббуси билан бепул тиббий кўрик ўтказилди
Аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, тиббий хизмат сифатини ошириш ва касалликларнинг олдини олиш мамлакатимизда амалга оширилаётган ижтимоий сиёсатнинг устувор йўналишларидан биридир. Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан инсон қадри, аҳоли саломатлиги ва турмуш фаровонлигини таъминлашга қаратилган ислоҳотларда тиббий хизматни аҳолига янада яқинлаштириш, профилактик кўриклар қамровини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бу борада сиёсий партиялар ва жамоат ташкилотлари томонидан илгари сурилаётган ташаббуслар ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда. Хусусан, O‘zLiDePнинг “Халқ билан бирга” умуммиллий дастури доирасида амалга оширилаётган “Саломатлик сари” лойиҳаси аҳоли ўртасида тиббий маданиятни юксалтириш, соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш ҳамда касалликларнинг барвақт олдини олишга хизмат қилмоқда.
Лойиҳа доирасида Бухоро вилоятининг Ғиждувон туманидаги “Жавгари” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган 31-сонли оилавий поликлиникада аҳоли учун бепул тиббий кўрик ташкил этилди.
Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг 38-“Сармижон” сайлов округидан сайланган депутати Бобомурод Очилов ҳамда O‘zLiDeP вилоят Кенгаши “Аёллар қаноти” ташаббуси билан “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия жамоат фонди ҳамкорлигида ўтказилган тадбирда, айниқса, хотин-қизларнинг тиббий саводхонлигини ошириш, улар орасида касалликларнинг олдини олиш ва малакали тиббий хизматдан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришга эътибор қаратилди.

Тиббий кўрик давомида маҳалладаги 36 та оиладан 174 нафар фуқаро терапевт, педиатр, гинеколог ва невропатолог каби мутахассислар қабулида бўлди. Шунингдек, УЗИ текширувлари ўтказилиб, мурожаатчиларнинг саломатлиги баҳоланди. Мутахассислар томонидан касалликларнинг олдини олиш, соғлом овқатланиш ва кундалик ҳаётда саломатликни асраш бўйича зарур тавсиялар берилди, тегишли тиббий муолажалар амалга оширилди.
Тадбир доирасида аҳолига етти турдаги дори-дармон воситалари, сироплар, ёшга мос кўзойнаклар ҳамда тиббий-маърифий буклетлар тарқатилди.
Эътиборлиси, бундай тадбирларнинг аҳамияти фақат бир марталик тиббий кўрик билан чекланмайди. Аввало, улар аҳолининг тиббий хизматдан фойдаланиш имкониятини кенгайтиради, инсонларни ўз саломатлигига бефарқ бўлмасликка ундайди. Айниқса, мутахассислар кўригидан ўтиш, касалликларни дастлабки босқичда аниқлаш ва ўз вақтида даволаниш бўйича тавсиялар олиш аҳоли саломатлигини асрашда муҳим омилдир.

Зеро, соғлом жамиятни шакллантириш, аввало, ҳар бир инсоннинг саломатлигига бўлган эътиборидан бошланади. Шу маънода, O‘zLiDeP ташаббуси билан амалга оширилаётган “Саломатлик сари” лойиҳаси аҳоли билан бевосита мулоқот қилиш, уларнинг эҳтиёжларини ўрганиш ва жойларда аниқ амалий ёрдам кўрсатишнинг самарали намунаси бўлиб хизмат қилмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири