ЎзЛиДеП Сиёсий Кенгаши Ижроия Қўмитаси раиси ва Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси раҳбари Актам Хаитов бошчилигидаги Ишчи гуруҳ аъзолари Навоийда бўлиб, турли соҳа вакиллари билан учрашди.
Навоий шаҳридаги Ёшлар марказида тадбиркорлар билан бўлиб ўтган очиқ мулоқотда таъкидланганидек, партия барқарор иш жойларини яратиб, камбағалликни қисқартириш, аҳолини тадбиркорликка жалб қилишнинг маҳаллабай дастурларини ишлаб чиқиш, туман, шаҳар ва маҳаллаларнинг мастер-режалари устида ишлашда депутатлик гуруҳи жамоатчилик назоратини кучайтирган ҳолда бу борада олиб борилаётган ислоҳотларнинг кўлами ва қамровини янада оширишни устувор вазифа, деб билади.

Шунингдек, партия томонидан тадбиркорлар сонини янада ошириш, ишсиз фуқароларни замонавий касбларга ўқитиш тизимини тубдан қайта кўриб чиқиш, корхоналар буюртмаси асосида касбга тайёрлаш амалиётини жорий қилиш, ҳар бир вилоятда камида 100 гектар майдонда “Ёшлар ижтимоий-иқтисодий маркази”ни ташкил қилиш борасида таклифлар илгари сурилмоқда.

Актам Хаитов бошчилигидаги Ишчи гуруҳ Кармана тумани “Шибзон” МФЙда бўлиб, фермерлар ва “маҳалла еттилиги” томонидан ҳудуддаги аҳоли бандлигини таъминлаш, уларни тадбиркорликка йўналтириш ҳамда ташкил этилган микролойиҳаларни ўрганди.

Ушбу маҳаллада драйвер йўналиш сифатида иссиқхона хўжаликларини ташкил этиш танлаб олинган бўлиб, “Янгиобод” кўчасида истиқомат қилувчи 126 та хонадоннинг 95 тасида иссиқхона ташкил этилган. Бугунги кунда аҳоли томонидан ушбу иссиқхоналарда бир йилда 3 марта ҳосил олинмоқда.
Тадбир давомида “маҳалла еттилиги”га ҳудуддаги аҳолини тадбиркорликка йўналтириш ва бандлигини таъминлаш юзасидан бир қатор тавсия ва таклифлар берилди.

Партия етакчиси Навоий шаҳрида давлат хусусий шерикчилик асосида ташкил этилган “Thompson school”да бўлиб, ёшларга таълим олиши учун яратиб берилган имкониятлар билан яқиндан танишди.
Мазкур таълим даргоҳи 2022 йилда ташкил этилган бўлиб, бугунги кунда 350 нафар ўқувчига 45 нафар педагог таълим бериб келмоқда. Ўқувчиларга замонавий технологиялардан фойдаланган ҳолда сифатли билим олиши учун барча шароитлар яратиб берилган.
“Навпромлитмаш” корхонасида тадбиркорлар билан бўлиб ўтган учрашувда сўнгги йилларда яратиб берилаётган имкониятлардан унумли фойдаланган ҳолда ўз фаолиятини кенгайтириб, даромадларини оширишга ва аҳоли бандлигини таъминлашга ҳисса қўшиб келаётган тадбиркорларнинг ютуқлари алоҳида эътироф этилди.

250 нафардан ортиқ ишчи-ходим меҳнат қилаётган мазкур корхона 2007 йилда ўз фаолиятини бошлаган. 2018 йилдан бошлаб эса машинасозлик йўналишида илк бор маҳаллий бозор учун импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар тайёрлаш йўлга қўйилган бўлса, ҳозирда 50 дан ортиқ маҳсулот ишлаб чиқарилади. Маҳсулотларнинг аксарият қисми чет элга экспорт қилинади.
Очиқ мулоқот шаклида ўтган тадбир сўнггида тадбиркорлар ўз таклифларини билдириб, ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири