Янги Сиёсий дастур қандай ғоялар асосида шакллантирилмоқда?
O'zLiDePнинг навбатдаги Конгрессига тайёргарлик доирасида вилоятларда партия ҳудудий кенгашларининг конференциялари ўтказилмоқда.
Конференцияларда партия фаолиятини янги босқичга олиб чиқиш, электорат билан ишлашни кучайтириш ва келгусидаги устувор вазифаларни белгилашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, партиянинг янги Сиёсий дастурини ишлаб чиқиш, уни мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар мазмунига мослаштириш каби масалаларга устувор аҳамият қаратилмоқда.
Конференциялар давомида партия фаоллари томонидан ҳудудларда тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, янги иш ўринлари яратиш, фермерлар ва ишбилармонларни қўллаб-қувватлаш, ёшлар учун имкониятларни кенгайтириш бўйича таклифлар билдирилмоқда.

Шунингдек, партия электоратини кенгайтириш, уларнинг муаммо ва таклифларини партия фаолиятида акс эттириш, янги ташаббусларни қўллаб-қувватлаш лозимлиги қайд этилмоқда. Бугунги тараққиёт жараёнларида тадбиркорлар билан бир қаторда фермерлар, ишчи-ходимлар, ёшлар, хотин-қизлар, нуронийлар, зиёлилар ва бошқа соҳа вакилларининг ҳам манфаатларини ифода этиш муҳимлиги урғуланяпти.
Шулардан келиб чиқиб, партиянинг янги Сиёсий дастури юзасидан таклифлар муҳокама қилинмоқда.
М.Комилова,
ЎзА