Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев бошчилигидаги делегациянинг 2022 йилда Корея Республикасига амалий сафари давомида Паркентда Корея андозалари асосида қишлоқ ташкил этиш лойиҳаси илгари сурилган эди.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, Тошкент вилояти делегацияси Геонгсангбук-до вилоятида жойлашган машҳур “Андонг Хахве” фолклор қишлоғи билан танишув чоғида, шундай этно-қишлоқни Паркент туманида ташкил этиш таклифи билдирилиб, Давлат раҳбари томонидан мазкур ташаббус маъқулланган эди.

Бугунги кунга келиб лойиҳа муваффақиятли амалга оширилиб, ўз фаолиятини бошлади. Паркентда Корея андозалари асосида ташкил этилган қишлоқнинг очилиш маросимида меҳмонлар учун фольклор санъати чиқишлари, миллий либослар намойиши ва рассомчиликка оид тасвирий санъат кўргазмалари намойиш этилди. Маҳаллий ва хорижий ОАВ вакиллари, шу жумладан, Жанубий Кореянинг “MOVE” журнали ижодий гуруҳи учун эса Паркент тумани бўйлаб пресс-тур ташкил қилинди.

Инфо-тур давомида “Family Resort” оилавий меҳмон уйи, шунингдек, “Кумушкон” ҳудудидаги “Олтин бел” тепалигида қурилаётган курорт зоналари, енгил турдаги меҳмонхоналар ва бошқа туристик инфратузилма лойиҳалари билан таништирилди.
Тадбирда Корея Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонасидан маданият, туризм ва таълим масалалари бўйича бош мутахассис Хон Жи Ён хоним ва фахрий меҳмонлар иштирок этди.

Чашма қишлоғи денгиз сатҳидан 1 минг 300 метр баландликда жойлашган. Тоза ҳаво ва табиий гўзалликка эга ҳудуд нафақат шифобахш булоқлари, балки Чотқол биосфера қўриқхонасига яқин жойлашуви билан ҳам ажралиб туради.

– Бундай бой табиий ва биологик ресурсларга эга Паркент тумани бугунги кунда 99 та жойлаштириш воситалари билан сайёҳларга хизмат кўрсатмоқда, – дейди Тошкент вилояти ҳокимининг туризм, маданият, маданий мерос ва оммавий коммуникациялар масалалари бўйича ўринбосари Жамшид Бобажонов. – Жумладан, жойларда 4 та меҳмонхона, 88 та оилавий меҳмон уйлари, 4 та хостел ва 3 та санаторий фаолият юритмоқда. Шунингдек, 7 та туристик фирма орқали маҳаллий ва хорижий туристларга кенг қамровли хизматлар кўрсатилмоқда.
Таҳлилларга кўра, 2024 йил 1,9 миллион нафар сайёҳ Паркентга келган бўлиб, шундан 146,9 минг нафари хорижий туристлардир. Ҳозирда, туризм хизматлари экспорти эса 42,3 миллион долларга етган.
А.Мусаев, ЎзА.