Ўзбекистонда Корея гранти билан "Ақлли қишлоқ хўжалиги" маркази очилди
Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий марказида “Ақлли қишлоқ хўжалиги” технологиялари маркази очилди. Корея гранти асосидаги ушбу лойиҳа Ўзбекистон аграр соҳасини янги босқичга олиб чиқишга қаратилган.
Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази ҳудудида Корея Республикаси ҳукумати гранти асосида барпо этилган “Ақлли қишлоқ хўжалиги” саноат технологиялари инновацион марказининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Мазкур лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 14 июлдаги қарорига асосан амалга оширилди. Қарорда ушбу инновацион марказни ташкил этиш учун 2022–2026 йилларда Корея Республикаси ҳукуматидан 14 миллион АҚШ доллари миқдоридаги грант маблағларини жалб этиш белгиланган эди.

Очилиш маросимида қишлоқ хўжалиги соҳаси олимлари, тармоқ мутахассислари, Корея Республикасидан ташриф буюрган ҳамкорлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди. Тадбирни очиб берган қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Алишер Шукуров марказнинг аҳамиятини алоҳида таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, бу марказ мамлакатда ақлли қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, хорижий технологияларни маҳаллий шароитга мослаштириш ва амалиётга жорий этишда муҳим ўрин тутади. Шунингдек, илмий тадқиқотлар, инновацион ишланмалар ва замонавий агротехнологияларни ишлаб чиқаришга татбиқ этиш учун кенг имкониятлар яратади.

Лойиҳа Корея Республикаси Савдо, саноат ва энергетика вазирлиги, Корея Машинасозлик саноати ассоциацияси, Корея Технологияларни ривожлантириш институти, CАМТИC илғор мехатроника технологиялари институти ҳамда “Agro Solution Korea” компанияси ҳамкорлигида амалга оширилди. Марказда 2024–2025 йилларда 1,8 миллион АҚШ долларлик ақлли иссиқхона тизимлари, ишлаб чиқариш линиялари ва 1,9 миллион долларлик замонавий лаборатория ускуналари ўрнатилди.

Шу билан бирга, 2024 йилда Тошкент ва Самарқандда, 2025 йилда эса Хоразм, Фарғона ва Бухоро вилоятларида замонавий ақлли иссиқхоналар қурилиб, фойдаланишга топширилди. Янги инновацион марказ таркибида гидропоника, сув сифатини таҳлил қилиш, маълумотларни қайта ишлаш, уруғлик ва ўсимликларни синовдан ўтказиш лабораториялари, илмий-тадқиқот ҳамда тажриба-ишлаб чиқариш корпуслари фаолият юритади. Мутахассисларнинг билим ва кўникмаларини ошириш мақсадида ўқув-амалиёт йўналишлари ҳам йўлга қўйилган.

Очилиш маросими доирасида лойиҳанинг якуний ҳисобот семинари ҳам ўтказилди. Унда амалга оширилган ишлар ва эришилган натижалар сарҳисоб қилиниб, яратилган инфратузилмадан самарали фойдаланиш, Корея тажрибасини маҳаллий шароитга мослаштириш ҳамда илғор технологияларни Ўзбекистон қишлоқ хўжалигига кенг жорий этиш истиқболлари муҳокама қилинди.

Маросим якунида иштирокчилар марказнинг янги лабораториялари, замонавий иссиқхона тизимлари ва моддий-техник базаси билан яқиндан танишди. Бу марказ Ўзбекистон ва Корея Республикаси ўртасидаги аграр соҳадаги илмий-техник ҳамкорликнинг амалий самарасидир.

Бу ҳамкорлик мамлакатимиз қишлоқ хўжалигида илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграциясини мустаҳкамлаб, сув ва энергия ресурсларидан самарали фойдаланиш, рақамли бошқарув тизимларини ривожлантириш, замонавий агротехнологияларни оммалаштириш ҳамда маҳаллий мутахассисларнинг салоҳиятини оширишга хизмат қилади.
Санжар Тошпўлатов,
ЎзА