Пара каноэчиларимиз Осиё чемпионатини биринчи ўринда якунлади
Қозоғистоннинг Туркистон шаҳрида пара каноэда эшкак эшиш бўйича Осиё чемпионати бўлиб ўтди. Қитъа биринчилигида Ўзбекистон терма жамоасининг 12 нафар спортчиси иштирок этиб, юксак натижаларни қайд этди.
Мусобақа якунига кўра, ҳамюртларимиз 9 та олтин, 7 та кумуш ва 3 та бронза медалини қўлга киритди ҳамда медаллар жамғариш бўйича умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллади.
Жумладан, чемпионат давомида Иродахон Рустамова (VL2 200 м, VL2 500 м), Азизбек Абдулҳабибов (KL2 200 м, KL2 500 м), Шаҳзода Мамадалиева (VL3 200 м), Шаҳноза Мирзаева (KL3 200 м), Тўрабек Назарқулов (VL3 200 м), Ҳасан Қўлдашев (KL3 500 м) ҳамда Ҳайтмурод Шерқўзиев (VL3 500 м) олтин медалга сазовор бўлди.

Шунингдек, Фарида Абдураимова (KL1 200 м, VL2 500 м), Ҳасан Қўлдашев (KL3 200 м), Ҳайтмурод Шерқўзиев (VL3 200 м), Шаҳзода Мамадалиева (VL3 500 м), Шаҳноза Мирзаева (KL3 500 м) ва Тўрабек Назарқулов (VL3 500 м) кумуш, Ойбек Йўлдошев (KL2 200 м, KL2 500 м) ҳамда Ҳасан Сулаймонов (KL3 500 м) бронза медаль билан тақдирланди.
Эътиборли жиҳати, Ўзбекистон терма жамоаси 2025 йилги Осиё чемпионатида 7 та олтин, 6 та кумуш ва 1 та бронза медалига эга чиққан бўлса, бу галги натижа янада яхшиланиб, спортчиларимиз қитъа миқёсидаги устунлигини намоён этди. Бу эса мамлакатимизда пара эшкак эшиш спорт турини ривожлантириш борасида олиб борилаётган тизимли ишлар ўз самарасини бераётганидан далолат.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА