Бугун, 27 сентябр куни Ҳиндистоннинг Нью-Деҳли шаҳрида пара енгил атлетика бўйича жаҳон чемпионати старт олади. Мусобақанинг дастлабки кунида Ўзбекистон терма жамоасидан 9 нафар спортчи турли йўналишларда баҳсларга киришади.
Жумладан, ядро улоқтириш F41 (аёллар) йўналиши бўйича ўтадиган баҳсларда Кубаро Ҳакимова ҳамда Наврўза Аҳматова, найза улоқтириш F46 (аёллар) таснифида Шаҳина Йигиталиева, Ҳуснора Қудратуллоева, Каромат Омонова жаҳон чемпионлиги даъвосида рақобатлашади.

Шунингдек, эркаклар ўртасида булава улоқтиришда (F32) Абдулазиз Абдуҳакимов, ядро улоқтириш (F37) бўйича Қудратуллохон Маърўфхўжаев, Толиббой Йўлдошев, найза улоқтиришда (F57) Ёрқинбек Одилов каби паралимпиячиларимиз баҳсларга киришади.
Маълумот ўрнида: Ҳиндистон мезбонлигида 5 октябрь кунига қадар ўтадиган ушбу жаҳон чемпионатида 1000 нафардан ортиқ пара атлет 186 та медаллар жамланмаси учун куч синашмоқда.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА