Пара енгил атлетика: халқаро мусобақага тайёргарлик масаласи таҳлил қилинди
Жорий йилнинг 1-5 ноябрь кунлари Тошкент шаҳридаги “Олимпия шаҳарчаси” спорт майдонида “Uzbekistan Para Athletics Open Championships 2026” халқаро мусобақаси бўлиб ўтади.
Келгуси йилнинг июнь ойида Тошкентда бўлиб ўтадиган пара енгил атлетика бўйича Жаҳон чемпионати олдидан тест мусобақаси саналган мазкур турнирни юқори савияда ташкил этиш, унда иштирок этадиган спорт жамоаларини муносиб кутиб олиш масалаларига бағишланган ишчи гуруҳ йиғилишида тайёргарлик жараёнлари кўриб чиқилди.
Спорт вазири А. Икромов раислигида дахлдор ташкилот ва вазирлик мутахассислари иштирокида ўтган йиғилишда “Uzbekistan Para Athletics Open Championships 2026” баҳcлари пара енгил атлетиканинг 126 та дастурларини қамраб олиши, унда 60 та югуриш, 27 та ядро, 11 та диск, 3 та клаб, 11 та найза улоқтириш ва 2 та баландликка ҳамда 12 та узунликка сакраш мусобақаларидан иборатлиги таъкидланди.

Тошкент пара енгил атлетика халқаро мусобақаларида 18 та давлатдан 172 нафар матонат соҳиблари қатнашиш, уларни муносиб кутиб олиш, зарур шарт-шароитларни яратиш, хавфсизлиги ва саломатлигини муҳофаза қилиш, баҳслар ўтказиладиган спорт майдонларида керакли инфратузилма масалалари борасида тегишли ташкилотларнинг мутахассисларига зарур тавсиялар берилди.
Йиғилишда қатнашган Ўзбекистон миллий паралимпия қўмитаси раиси Мухторхон Тошхўжаев “Uzbekistan Para Athletics Open Championships 2026” доирасидаги тадбирларда 15 нафардан ортиқ халқаро пара енгил атлетика мутахассислари иштирок этиб, мусобақани ташкил этиш жараёнлари, спорт инфратузилмаси ҳамда тегишли хизматлар фаолиятини ўрганиши кўзда тутилганлигини қайд этди.
Шунингдек, Жаҳон чемпионатига тайёргарлик бўйича “Observation Tour” – кузатув ташрифи ўтказилиб, унинг давомида расмий делегатлар асосий мусобақа ва машғулот стадионлари, меҳмонхоналар, шунингдек, чемпионатни ташкил этиш ва ўтказиш режалари билан танишиши кўзда тутилган.
Муҳокамалар жараёнида халқаро пара енгил атлетика ташкилоти ва Ўзбекистон мутахассислари ўртасида икки томонлама ишчи учрашувлар ўтказилиши, 2027 йилги жаҳон чемпионатининг телетранслацияси, маркетинг ва тарғибот, логистикага оид қатор муҳим йўналишлар бўйича зарур тавсия ва фикрлар билдирилди.
Тўлқин Рўзиев, ЎзА