Пандемия жаҳон миқёсида кўчмас мулк ва автомобиль бозорларига салбий жиҳатдан сезиларли таъсир кўрсатди. Табиийки, бу таъсир Ўзбекистонни ҳам четлаб ўтмади.
Иқтисодчиларнинг фикрича, кўчмас мулк ва автомобиль бозорларидаги талабнинг ўзгариши иқтисодий тикланишнинг асосий кўрсаткичларидан бири ҳисобланади, чунки узоқ муддат ишлатиладиган товарларга бўлган талаб истеъмолчилар кайфиятини акс эттиради.
Пандемиянинг мамлакатимиз кўчмас мулк ва автомобиль бозорларига таъсири тўғрисида Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази бош илмий ходими Халилуллоҳ Ҳамидов ЎзА мухбирига қуйидагиларни сўзлаб берди.
– Коронавирус инфекциясининг тарқалиши билан боғлиқ карантин чекловлари жорий этилгунга қадар республикамиз кўчмас мулк бозорида талаб ҳар ойда ўртача 6-7 фоизга ошиб борган. Тошкент шаҳри ва вилояти кўчмас мулк бозорларидаги савдолар умумий бозор ҳажмининг 40-45 фоизини ташкил этган.
Апрель ойидан бошлаб бутун мамлакат бўйлаб локдаун жорий қилинди, бу эса кўчмас мулкка бўлган талабнинг 2019 йилнинг шу даврига нисбатан 87,1 фоиз камайишига олиб келди. Май ва июнь ойларида республика бўйича кўчмас мулк олди-сотдиси бўйича расмийлаштирилган шартномалар сони мос равишда 25,9 фоиз ва 135,2 фоизга юқорилади. Қисқа вақт ичида савдо операцияларининг сезиларли даражада ўсиб кетиши бир томондан, доимий рўйхатга олиш тартибининг соддалаштирилиши, иккинчи томондан, май ойидан бошлаб карантин чораларининг босқичма-босқич юмшатилиши билан изоҳланади.
Таъкидлаш лозимки, Президентимизнинг 2020 йил 22 апрелдаги «Доимий прописка қилиш ҳамда турган жойи бўйича ҳисобга олиш тартибини ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони билан май ойида 2019 йил тегишли даврига нисбатан кўчмас мулк олди-сотди шартномалари сони ўсди. Айниқса, ўсиш Тошкент шаҳрида 148,7 фоиз, Тошкент вилоятида 26,5 фоизга етди, июнь ойида ушбу кўрсаткич мос равишда 257,5 фоиз ва 190,7 фоизни ташкил этди. Шуниси қизиқарлики, айнан шу даврда кўчмас мулк савдосининг ўсиши Тошкент шаҳри ва вилоятидаги уйларнинг нархларига деярли таъсир қилмади. Бу, илгари бошқа шахслар номига расмийлаштирилган уйларнинг ҳақиқий эгалари номига ўтказилиши билан изоҳланади.
2020 йилнинг сентябрига келиб, кўчмас мулк бозорида талаб яна ўзининг узоқ муддатли трендига қайтди. Хусусан, сентябрь ойида кўчмас мулк олди-сотдилари сони ўтган ойга нисбатан 24,2 фоиз, октябрь ойида 1,7 фоиз, ноябрь ойида 0,5 фоиз ва декабрь ойида 20,9 фоизга ошди.
Одатда, республикада бирламчи ва иккиламчи бозорларда автомобиль савдосининг ойлик ўсиши ўртача 2-3 фоизни ташкил этади. 2020 йилнинг март ойи ўрталаридан қатъий карантин тартиби жорий этилиши натижасида март ойида рўйхатга олинган ва қайта рўйхатга олинган автомобиллар сони 2019 йилнинг шу даврига нисбатан 17,3 фоиз (ўтган ойга нисбатан 34,6 фоиз), апрель ойида эса 73,8 фоиз (63,1 фоиз)га камайди.
Май ойидан бошлаб автомобиль бозоридаги вазият яна тиклана бошлади. Хусусан, июнь ойида автомобиль савдоси 2019 йилнинг шу даврига нисбатан 14,8 фоизга ошди. Лекин 10 июлдан 15 августгача карантин қайта жорий этилиши натижасида июль ойида автомобиль бозоридаги фаолият май-июн ойларига нисбатан бироз секинлашди. Хусусан, мазкур ойда рўйхатга олинган автомобиллар сони 2019 йилнинг июль ойига нисбатан 20,2 фоизга камайди. Шундай бўлса-да, август ойида автомобиль савдоси ҳажми 2019 йилнинг мос даврига нисбатан 3,8 фоиз ўсди (ўтган ойга нисбатан 54,3).
Сентябрь-октябрь ойларида ҳам автомобиль бозорида талаб ўсишда давом этди. Сентябрь ойидаги савдолар олдинги ойга нисбатан 0,5 фоизга ошди. Октябрь ойида ўсиш суръати сентябрь ойига нисбатан 2 фоизни ташкил этди. Ноябрь-декабрь ойларида бу кўрсаткич ўтган ойга нисбатан бироз пасайди. Бироқ 2019 йил билан таққослаганда, савдолар ҳажми ноябрь ойида 9 фоиз ва декабрда 10 фоизга ошди.
Умуман олганда, 2020 йилда автомобиль савдоси ҳажми 2019 йилга нисбатан 2,5 фоизга камайди. Бу март, апрель ва июль ойларида автомобиль савдосининг кескин пасайиши билан изоҳланади.
Шунга қарамасдан, 2020 йил август ойига келиб кўчмас мулк ва автомобиль бозорларидаги вазият ўзининг узоқ муддатли трендига қайтгани аҳоли талабининг тикланиб бораётганлигини кўрсатмоқда.
Шаҳноза МАМАТУРОПОВА, ЎзА