Озод фикр қадрини англатувчи сабоқ
31 август — Қатағон қурбонларини ёд этиш куни. Бу шунчаки сана эмас, балки халқимизни чуқур ўйга толдирадиган, ўтмишдан муносиб хулоса чиқаришга, Ватан ва миллат бахти учун жон фидо этган юртдошларимиз хотирасига ҳурмат бажо келтиришга даъват этадиган кундир.
Илмий нуқтаи назардан, жадидларнинг қатағон қурбонига айланиши тасодифий ҳодиса эмас, балки тоталитар-маъмурий тизимнинг миллий уйғониш ва эркин фикрга қарши сиёсати натижаси эди.
Бу боғлиқлик бир нечта асосий омилга таянади. Жадидчилик шунчаки мактаб очиш ҳаракати эмас, балки миллий тараққиёт, ўзликни англаш, замонавий давлатчилик ва мустақиллик ғояларини илгари сурган кенг ижтимоий-маърифий ҳаракат эди. Маҳмудхўжа Беҳбудий, Мунавварқори Абдурашидхонов, Абдурауф Фитрат каби етакчилар Туркистонни замонавий, маърифатли ва ўз тақдирини ўзи белгилай оладиган юрт сифатида кўришни истаганлар. Тоталитар совет тузуми учун эса бундай миллий уйғониш ва мустақил фикрнинг кучайиши жиддий таҳдид сифатида баҳоланди.
Тоталитар тузум халқни бўйсундириш ва унинг эркин фикрини чеклаш учун, аввало, зиёлилар қатламини назорат остига олишга интилди. Зеро, жадидлар миллатнинг фикрловчи қатлами, унинг сиёсий, илмий ва маданий салоҳиятини ифода этувчи зиёлилар эди. Чўлпон, Абдулла Қодирий, Файзулла Хўжаев сингари кўплаб сиймоларнинг қатағон қилиниши миллий тафаккур ва маданий ҳаётга катта зарба бўлди.
Совет мафкураси жадидларнинг миллий ўзликни англаш, она тилини улуғлаш, тарихий хотирани тиклаш ва жамиятни ислоҳ қилиш йўлидаги интилишларини «буржуа миллатчилиги» ва «аксилинқилобий ҳаракат» каби сохта сиёсий айбловлар билан баҳолади. Натижада жадидларнинг кўплаб вакиллари 1930-йиллардаги қатағонлар даврида таъқиб қилинди, қамоққа олинди ва қатл этилди.
Жадид матбуоти ўз даврида оддий ахборот тарқатиш воситаси бўлиб қолмади. У халқни уйғотиш, миллий ўзликни англатиш, илм-маърифатга чорлаш ва жамият келажаги ҳақида фикр юритишга ундашнинг муҳим майдонига айланди. Жадидлар газета ва журналлар орқали жамиятдаги муаммоларни очиқ кўтариб, халқнинг дунёқарашини ўзгартиришга интилдилар.

Уларнинг матбуотдаги фаолиятининг энг муҳим жиҳати — сўзни жамиятни ўзгартириш воситасига айлантира олганида эди. Миллий тил, таълим, маърифат, тараққиёт, ҳуқуқ ва эркинлик масалалари матбуот орқали кенг муҳокамага олиб чиқилди. Шу маънода, жадид матбуоти миллий уйғониш ва истиқлол ғояларининг шаклланишида муҳим маънавий омиллардан бири бўлди.
Бугунги миллий ОАВ учун жадидлар тажрибасининг энг муҳим сабоқларидан бири ҳам шунда. Журналистика фақат воқеа-ҳодисалар ҳақида хабар бериш билан чекланмаслиги, балки жамиятни ўйлантириши, долзарб саволларни ўртага қўйиши, муаммоларни кўрсатиши ва одамларнинг фикрини эшитиши керак.
Албатта, бугунги ахборот майдони жадидлар давридан тубдан фарқ қилади. Газета ва журналлар билан бир қаторда интернет нашрлари, ижтимоий тармоқлар, мультимедиа ва рақамли платформалар журналистиканинг имкониятларини кенгайтирди. Аммо технологиялар ўзгаргани билан журналистиканинг жамият олдидаги масъулияти ўзгармайди.
Шу нуқтаи назардан қараганда, жадидлардан бугунги журналистика уч муҳим фазилатни — ҳақиқатни айтиш жасоратини, халқ манфаатига содиқликни ва маърифат тарқатиш масъулиятини ўрганиши мумкин.
Зеро, даврлар ўзгаради, ахборот тарқатиш воситалари янгиланади. Аммо жамиятга керакли, ишончли ва таъсирчан журналистиканинг асосий мезони ўзгармай қолади: сўз инсон ва жамият ҳаётида қандай ўзгариш ясай оляпти?
Жадид боболаримиз матбуотни миллатнинг «акс-садоси ва тили»га айлантириб, одамлар дунёқарашини ўзгартиришга ва уларни истиқлол ғоясига тайёрлашга хизмат қилдилар. «Садои Туркистон», «Садои Фарғона», «Ойна» каби газета ва журналлар орқали халққа ўз ҳуқуқларини англаш, замонавий билимларни эгаллаш ва жамиятдаги ўзгаришларга дахлдор бўлиш зарурлигини уқтирдилар. Чор Россияси мустамлакачилик сиёсатининг оқибатлари, маҳаллий бойликлардан фойдаланиш ва халқнинг ижтимоий-маърифий аҳволи каби масалаларни матбуотда кўтариб, жамоатчилик фикри шаклланишига таъсир кўрсатдилар.
Матбуот воситасида диний мутаассиблик, бидъат ва хурофотга қарши фикр билдирдилар. Улар замонавий илм-фанни эгалламай туриб, жамият тараққиётига эришиб бўлмаслигини таъкидлаб, халқни янги усул мактабларини қўллаб-қувватлашга ва фарзандларини замонавий билимларга йўналтиришга чақирдилар. Газета саҳифаларида Туркистон бирлиги, она тили ва миллий қадриятлар масалаларини кенг ёритдилар. Бу жараён миллий ўзликни англаш ва жамоатчиликнинг сиёсий-ижтимоий фаоллигини оширишга замин яратди.

Мустақиллик даври матбуоти ва интернет ОАВда жадидлар меросини ёритишда ҳам катта ўзгаришлар юз берди. Совет давридаги мажбурий «синфийлик» ёндашуви ва сохта айбловлардан воз кечилиб, жадидлар фаолияти миллий тарих ва илмий манбалар асосида қайта баҳолана бошлади. Айниқса, кейинги йилларда архив ҳужжатларининг ўрганилиши, қатағон қурбонларининг номларини тиклаш ва оқлаш жараёнлари, шунингдек, жадидлар меросини оммалаштиришга қаратилган нашр ва электрон платформаларнинг пайдо бўлиши бу борадаги ишлар кўлами кенгайганини кўрсатади.
Бугунги кунда матбуот ва интернет нашрларида қатағон қурбонлари мавзусини ёритишда архив ҳужжатлари, тергов материаллари ва жадидларнинг ўзлари чоп этган асл матнларга мурожаат қилиш тобора муҳим аҳамият касб этмоқда. Бу ёндашув тарихий воқеаларни бирёқлама эмас, балки манбалар асосида ўрганиш имконини беради.
Жадидларнинг нафақат маърифатпарварлик фаолияти, балки уларнинг Туркистон Мухторияти ва Бухоро Халқ Совет Республикаси давридаги сиёсий жараёнлардаги иштироки, давлатчилик қарашлари ва жамиятни ислоҳ қилишга доир ғоялари ҳам очиқ муҳокама қилинмоқда. Интернет нашрлари, подкастлар ва видеолойиҳалар орқали жадидчилик тарихи содда ва замонавий шаклларда кенг аудиторияга етказилмоқда.
Жадидлар тарихи миллатнинг эркин фикр, миллий ўзлик ва тараққиёт сари интилиши қандай оғир синовлардан ўтганининг ёрқин далилидир. Улар ўз даврида қалам ва матбуот орқали жамиятнинг дардини очиқ ифода этдилар, халқни уйғотишга ҳаракат қилдилар ва миллий келажак ҳақида фикрлашга ундадилар. Шу боис жадидлар мероси бугун ҳам фақат тарихий хотира эмас, балки миллий тафаккуримиз учун муҳим маънавий таянчдир.
31 август — Қатағон қурбонларини ёд этиш куни ана шу меросга яна бир бор назар ташлаш, ўтмишнинг фожиали сабоқларини англаш ва эркин фикрнинг қадрини ҳис этиш учун муҳим фурсат. Чунки тарих шуни кўрсатадики, инсоннинг фикри ва сўзини бўғиш мумкин, аммо ҳақиқатга интилиш ва миллий хотирани бутунлай йўқотиб бўлмайди.
Бугун жадидларнинг ҳаёти ва ижодини холис ўрганиш, уларнинг асарларини кенг жамоатчиликка етказиш орқали нафақат тарихий адолат тикланмоқда, балки янги авлодга муҳим бир сабоқ ҳам берилмоқда: озод фикр — миллат тараққиётининг асосий шартларидан биридир.
Шу маънода, жадидлардан қолган энг катта мерос — бизга қолдирилган китоблар ёки матбуот нашрларигина эмас, балки фикрлаш, савол бериш, ҳақиқатни излаш ва Ватан тақдирига дахлдорлик ҳиссидир. Ана шу қадриятларни асраш ва авлоддан авлодга етказиш ўтмиш хотирасига ҳурмат, бугунги кунга масъулият ва келажак олдидаги бурчдир.
Назокат Усмонова, ЎзА