Нукусда “Ўзмиллийбанк” акциядорлик жамияти Қорақалпоғистон Республикаси филиалининг янги биноси фойдаланишга топширилди.
Шу муносабат билан ӯтказилган тадбирда таъкидланганидек, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан иқтисодиётнинг локомотиви ҳисобланган банк кредити ва инвестицион маблағлари ҳисобидан ҳудудларни ривожлантириш, янги иш ўринлари ва инфраструктуралар яратиш борасида кенг кӯламли ишлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 23 мартдаги “Банк хизматлари оммабоплигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги қарори ижросини таъминлаш юзасидан “Ўзмиллийбанк” акциядорлик жамияти томонидан муайян ишлар олиб борилмоқда. Тизимни ислоҳ қилишни чуқурлаштириш ва барқарорлигини таъминлаш, истиқболли инвестиция лойиҳалари ҳамда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини кредитлашни янада кенгайтириш, банк мижозларига сифатли банк хизматларини тақдим этиш алоҳида эътибор қаратилмоқда.
“Ўзмиллийбанк” акциядорлик жамияти Қорақалпоғистон Республикаси филиали 1993 йил 23 январдан 20 нафар ишчи ходим билан ўз фаолиятини бошлаган бўлса, бугунги кунга келиб 202 нафар профессионал мутахассис билан банкнинг Нукус шаҳри, Қўнғирот, Тўрткўл туман филиалларида аҳолига, хорижлик меҳмонлар ва инвесторларга ҳамда тадбиркорлик субъектларига сифатли хизмат кўрсатиб келмоқда. Шунингдек, Хўжайли, Чимбой, Амударё туманларида банк хизматлари марказлари ҳам фаолият юритмоқда.
Банк томонидан ажратилган кредитлар ҳисобидан Қорақалпоғистон Республикасида катта майдонларда интенсив боғлар, йирик сиғимли замонавий музлатгичлар, савдо ва маиший хизмат курсатиш марказлари, умумий овкатланиш масканлари ташкил топди. Умумий ҳисобда охирги уч йилда Қорақалпоғистон Республикасида 10 дан ошиқ йирик лойиҳа молиялаштирилди. Ушбу молиялаштирилган лойиҳаларнинг ишга туширилиши натижасида 1000 нафардан ортиқ фуқаронинг бандлиги таъминланган.
Жорий йилнинг 1 январь ҳолатига филиал жами 46 минг нафар мижозга хизмат кўрсатилади. Шундан 43 мингдан ортиғи жисмоний ва 2 мингдан зиёди юридик шахс ҳисобланади. Жисмоний шахсларнинг жами депозит қўйилмалари 90,1 миллиард сўмни ташкил этади.
Тўлов пластик карточкаларидан фойдаланишда қулайлик яратиш мақсадида жойларда 12 та банкомат, 6 та инфокиоска, 1451 та савдо терминали дислокация қилинган. Бундан ташқари, аҳолига валюта амалиётларида қулайлик яратиш мақсадида шаҳар ҳудудида 2 та валюта айирбошлаш шахобчаси ва 24/7 режимда хизмат кўрсатувчи 2 та автоматлаштирилган валюта айирбошлаш шахобчаси (банкомат) Нукус шаҳри аҳолиси ҳамда меҳмонларига хизмат кўрсатмоқда.
Банкнинг филиалида замонавий инновацион банк хизматлари кўрсатилишига алоҳида аҳамият қаратилган. Мижозларнинг 70 фоизи ҳисобрақамларда айланмаларини амалга ошириш, онлайн кредит расмийлаштириш ёки кредит қарздорлигини қоплаш, халқаро ва миллий пластик карточкаларда амалиётлар ҳамда тўловларни амалга ошириш, омонат расмийлаштириш, валютани айирбошлаш, пул ўтказмалари каби масофадан бошқариладиган банк хизматларидан фойдаланмоқда.
2021 йил давомида Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатиш ҳажми 8,3 триллион сўмни ташкил этиб, ўсиш суръати 119 фоизга етган. Соҳадаги 15,5 минг та корхона томонидан кўрсатилган хизматларнинг республикадаги улуши 3,0 фоизни, аҳоли жон бошига йиллик миқдори 4,3 миллион сўмни, ялпи худудий маҳсулотдаги улуши 35,4 фоизни ташкил қилиб, банд бўлган аҳоли сони 132 минг нафарга етказилди.
2022 йилда Қорақалпоғистон Республикасида хизматлар соҳасида 42371 та янги иш ўрнини яратиш, кўрсатиладиган хизматлар ҳажми ӯтган йилга нисбатан 154 фоизга ўсишини таъминлаш режа қилиб олинган. Шунингдек, филиал томонидан ҳудудий инвестиция дастури доирасидаги лойиҳаларга 101,3 миллиард сўм эквивалентида кредит маблағи ажратилди.
Тадбир иштирокчилари янги бинода ходимлар ҳамда мижозлар учун яратилган шарт-шароитлар билан танишди
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА