“Ўзмиллийбанк” акциядорлик тижорат банки Андижон вилояти бош бошқармасининг янги биноси фойдаланишга топширилди.
“Ўзмиллийбанк” АЖ мутасаддилари, банк ходимлари, мижозлари, кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида банк биноси очилишига бағишланган тантанали тадбирда сўз олган Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов ва бошқалар банк жамоасини давлатимиз мустақиллигининг ўттиз уч йиллик байрами ҳамда банкнинг янги биноси очилиши билан муборакбод этди.
Мамлакатимизнинг иқтисодий қудратини мустаҳкамлаш, юртимиз тараққиёти ва халқимиз фаровонлигини таъминлаш, Янги Ўзбекистонни барпо этиш, халқаро майдондаги обрў-эътибори ва нуфузини юксалтиришда “Ўзмиллийбанк”нинг муносиб ҳиссаси борлиги алоҳида таъкидланди.
Шундан сўнг қурувчилар томонидан банк вакилларига банкнинг рамзий калити топширилди, вилоят ҳокими бошчилигида мутасаддилар, меҳмонлар иштирокида очилиш лентаси кесилди.
[gallery-19281]
– Банкимиз 1994 йилда ўз фаолиятини 49 нафар ходим билан 529 нафар мижозга хизмат кўрсатишдан бошлаган бўлса, бугунги кунда ходимларнинг сони 254 нафарга етди, – дейди “Ўзмиллийбанк” Андижон вилоят бош бошқармаси раҳбари Улуғбек Қобулов. – Банкимиз мижозлари сони эса 372 мингдан ошди. Бунга мос равишда банк кредит портфели ҳам 163 миллион сўмдан 3 триллион сўмга ортган.
Ўтган ўттиз йил давомида “Ўзмиллийбанк” АЖ Андижон вилояти бош бошқармаси хизмат кўрсатишда сифат ва тезкорлик, аниқлик ва мукаммал режалар асосида ишлаш, жаҳон тажрибасидан кенг фойдаланиш, мижозларга намунали хизмат кўрсатиш, миллий валюта қадрини кучайтириш ҳамда барқарор сақлаш, ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда банк хизматларининг янги турларини жорий этиш ва бошқа кўплаб тармоқларда улкан ютуқларни қўлга киритди.
“Ўзмиллийбанк” АЖнинг ривожи, эришилаётган ютуқлар асоси ушбу масканда хизмат қилаётган малакали кадрларнинг саъй-ҳаракати, жаҳон иқтисоди ва молия-банк оламидаги ҳар бир янгилик ва ўзгаришлардан бохабар бўлиши, изланиши, юксак молиявий билим ва тажрибага эга эканлиги, банк соҳасининг етук билимдони сифатида самарали фаолият юритиши билан чамбарчас боғлиқдир.
Банкнинг замонавий, барча қулайликларга эга янги биноси барпо этилиб, фойдаланишга топширилиши жамоанинг мижозларга банк хизматлари кўрсатиш борасидаги ишларини янада юқори босқичга кўтаради.
– Қурилиш ишлари ўз муддатида ва сифатли якунига етказилди, – дейди, МТКМ “Анд Тех-Наз” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Баҳтиёржон Сотволдиев. – Халқаро андозалар даражасида барпо этилган янги бинода банк ходимлари, мижозлари учун зарур барча шароитлар яратилган.
Замонавий, барча қулайликларга эга банкнинг янги биноси ишга тушганлиги банк мижозларини ҳам қувонтирди.
– Бизнинг корхона 2007 йилда ташкил этилганидан буён “Ўзмиллийбанк” хизматидан фойдаланиб келади, – дейди Андижон шаҳридаги “Шарқ саноати стиль” хусусий корхонаси раҳбари Минурахон Холиқова. – Мана ўн етти йилдирки фаолиятимизда банк билан боғлиқ бирорта муаммо юзага келган эмас. Банк мутахассислари ҳамиша бизга ўз вақтида, сифатли хизмат кўрсатиб келади. Умуман, банк мутахассисларининг ҳар қандай шароитда мижозларга сифатли хизмат кўрсатиши, мижозларнинг банк билан боғлиқ муаммоларини ўз вақтида бартарф этишга кўмаклашишига жуда кўп марта гувоҳ бўлганман.
Бугун банкнинг барча қулайликларга эга, халқаро талабларга жавоб берадиган янги биноси фойдаланишга топширилганлигидан биз мижозлар ҳам беҳад хурсандмиз. Ишонаманки, янги бинода хизмат кўрсатиш сифати янада юксалади.
Тадбир қатнашчилари, меҳмонлар банкнинг янги биносида яратилган шарт-шароитлар, имкониятлар билан танишди.
Фахриддин Убайдуллаев,
Зуҳриддин Умрзоқов (фото),
ЎзА мухбирлари