Таъкидлаш жоиз, бугун Банк маҳсулотлари ва хизматлари босқичма-босқич рақамли форматга ўтказилиб, энг замонавий дастурлар асосида фаолият юритмоқда.
Шу боис “Ўзмиллийбанк” АЖ жамоаси ўз сафига янги давр талаблари асосида ишлайдиган ва ўз фаолиятида ижодий ёндашувларни жорий этишда ташаббус кўрсатадиган мутахассисларни қўшиш истагида. Шунга мувофиқ, “Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки” АЖ (Ўзмиллийбанк) ва Тошкентдаги Амити университети ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги меморандумни имзолади. Ушбу ҳужжат амалий таълимни ривожлантириш ҳамда ахборот технологиялари ва иқтисодиёт соҳаларида ёш мутахассисларни тайёрлашга қаратилган.
Ўзмиллийбанкнинг мазкур университет билан имзолаган меморандуми республикамиздаги олий таълим муассасалари билан йўлга қўйилган ўн учинчи ҳамкорлиги саналади.
Амити университети Ўзбекистонда IT таълими бўйича етакчи олийгоҳлардан бири сифатида тан олинган. Эндиликда ушбу олий ўқув муассасаси Ўзмиллийбанк учун истиқболли амалиётчилар ҳамда мутахассисларни тайёрлаш майдонига айланади. Меморандумга мувофиқ, “Ахборот технологиялари” ва “Иқтисодиёт” йўналишларида таҳсил олаётган талабалар Миллий банкнинг турли филиалларида стажировка ва ишлаб чиқариш амалиётини ўташ имкониятига эга бўлади. Улар банкдаги рақамли трансформация ва инновацион лойиҳаларда иштирок этиш орқали амалий тажриба орттиради.
“Бу оддий келишув эмас — стратегик ҳамкорликдир. Биз талабаларнинг фақат назарий билим олиб қолмай, балки банкнинг замонавий лойиҳаларида иштирок этиб, реал тажриба тўплашларини истаймиз”, —дейилди ўзаро учрашувда.
Ҳамкорлик доирасида қуйидагилар назарда тутилган:
талабаларнинг стажировка ва ишлаб чиқариш амалиётини ташкил этиш;
Миллий банк мутахассисларининг дарслар ва маърузалар билан иштирок этиши;
университет ва банк ўртасида таҳлилий маълумотлар, илмий-амалий ишланмалар алмашинуви.
Ушбу келишув IT ва молия соҳаларидаги билимларини амалиётда қўлламоқчи бўлган талабалар учун янги имкониятлар эшигини очади ҳамда мамлакатимиз банк сектори рақамли келажагининг бир қисмига айланишларига замин яратади.
“Ўзмиллийбанк” АЖ
Матбуот хизмати