“Ўзмиллийбанк” АЖ: нақдсиз ҳисоб-китоблар тизимида янги қулайликлар
Мамлакатимизда 2025 йил 10 декабрда қабул қилинган “Нақдсиз ҳисоб-китобларни кенгайтириш ва яширин иқтисодиёт улушини қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-246-сонли Фармон иқтисодий ислоҳотларнинг янги босқичини бошлаб берди.
Мазкур ҳужжат иқтисодиётда банк тизимининг ролини кучайтириш, молиявий операцияларнинг тизимли ҳисобини юритиш ва назорат механизмларини такомиллаштиришни назарда тутади. Айни пайтда ушбу Фармон ижросини таъминлаш борасида “Ўзмиллийбанк” АЖ томонидан кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, жорий йилнинг 1 апрелидан бошлаб кўчмас мулк ва автотранспорт воситаларининг олди-сотди жараёнларида Эскроу ҳисоб варақларидан фойдаланиш йўлга қўйилди. Бу тизим харидор ва сотувчи ўртасидаги битимнинг хавфсизлиги ва ишончлилигини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга.
Сергели Банк хизматлари маркази бошқарувчиси Бекзод Қуранбоевнинг таъкидлашича, банклар ва нотариал идоралар ўртасида ташкил этилган ягона электрон алмашинув базаси жараёнларни тезлаштиришга хизмат қилмоқда. Эътиборлиси, “Ўзмиллийбанк” таркибидаги барча бўлинмаларда мижозлар учун “яшил йўлаклар” ташкил этилиб, биргина Сергели БХМнинг ўзида қисқа вақт ичида ўнлаб фуқароларга мазкур йўналишда сифатли хизмат кўрсатилди.

Тизимнинг қулайлигини оддий мижозлар ҳам эътироф этмоқда. Масалан, фуқаро Шавкат Шарофиддинов электрон навбат кутмасдан, махсус йўлак орқали Эскроу ҳисоб варағини очтирганлиги ва маблағларини нотариал идорага йўналтиришда қийинчиликка дуч келмаганини таъкидлайди. Бу эса аҳолининг банк тизимига бўлган ишончини янада мустаҳкамламоқда.

Шунингдек, аҳоли гавжум бўладиган масканларда нақдсиз тўловларни оммалаштиришга ҳам алоҳида эътибор қаратиляпти. Жорий йилнинг 1 апрелидан Сергели автомобиль бозорида банкнинг 2 та махсус кассаси иш бошлагани нотариус идораларидаги олди-сотди битимларини расмийлаштиришда қўшимча қулайлик яратди. Бундан ташқари, электр автомобилларни қувватлантириш ва ёқилғи қуйиш шохобчаларида ҳам нақдсиз ҳисоб-китоблар тизими фаоллаштирилди. Фуқароларнинг оворагарчилигини олдини олиш мақсадида банк ходимлари жойларда “Milliy” мобил иловасини юклаб олиш ва тезкор пластик карталар очиб бериш хизматларини кўрсатмоқда.
Хулоса қилиб айтганда, иқтисодиётни рақамлаштиришга қаратилган бу каби ислоҳотлар молиявий интизомни мустаҳкамлаш ва барча учун тенг, шаффоф муҳит яратишга хизмат қилади. “Ўзмиллийбанк” АЖ томонидан тақдим этилаётган замонавий ечимлар эса аҳолининг ижтимоий ва иқтисодий фаоллигини оширишда муҳим омил бўлмоқда.
М.Насриева,
ЎзА