Сайловларда сиёсий партияларнинг энг муҳим ҳужжати, дастури бу уларнинг Сайловолди дастури ҳисобланади. Уларда партияларнинг келгуси беш йиллик фаолияти йўналишлари, асосий мақсад-вазифалари ўз аксини топади. Шу кунларда сиёсий партиялар томонидан ўзларининг янги Сайловолди дастури лойиҳасини ишлаб чиқиш ва такомиллаштириш бўйича жамоатчилик муҳокамалари ўтказилмоқда.
Жумладан, “OʻzLiDeP PRESS KLUBI”нинг навбатдаги сессияси ҳам партиянинг Сайловолди дастури лойиҳаси муҳокамасига бағишланди. Муҳокамада депутатлар, экспертлар, тадбиркорлар, ишбилармонлар иштирок этиб, ЎзЛиДеПнинг Сайловолди дастури лойиҳасини шакллантириш бўйича қатор фикр-мулоҳаза ва таклифлар билдирдилар.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Ақшагул Тулегенова партия Сайловолди дастурида, энг аввало, “Ўзбекистон-2030” стратегиясидан келиб чиққан ҳолда инсон қадр-қиммати, эркинлиги, ҳуқуқ ва манфаатлари, инсоннинг фаровон яшаши каби масалаларга устувор аҳамият қаратилиши лозимлигини таъкидлади.
Инсон қачон фаровон яшайди? Қачонки мамлакат иқтисодиёти мустаҳкам ва бақувват бўлса. Шундан келиб чиқиб, депутат партия Сайловолди дастурида иқтисодий ислоҳотларнинг муҳим йўналишлари, иқтисодиётни ривожлантириш, бу соҳанинг қонунчилик асосларини мустаҳкамлашга қаратилган мақсад-вазифалар ўрин олиши лозимлигига эътибор қаратди.
Маҳаллий Кенгаш депутати Санжар Кумушев партиянинг янги Сайловолди дастурига такси соҳасида рақобатни кучайтириш ҳамда комиссияларни камайтириш масаласини таклиф этди:
— Такси чақириш хизмати барчамизга қулай бўлиб кириб келди. Яндекс мисолида кўрадиган бўлсак, ўзининг платформаси билан кириб келиб, кўпчилик ҳайдовчиларни ўзига бирлаштирди. Асосий бош офиси келиб тушган маблағдан 15 фоизини олади, қолган 4,5-5 фоиз комиссияни маҳаллий таксопарклар олади. Ҳозирда рақобат фақат шу каби таксопарклар орасида кетмоқда. Аслида рақобатни бош офисга қўллаш тўғри бўларди. Кўпчилик ҳайдовчиларнинг автомашинаси ижара бўлгани сабабли ижара ҳақи, лицензия олиш ҳамда меҳнат стажи кетиши учун ҳар бирига бир БҲМдан тўлаши керак. Комиссияни тушириш масаласини Сайловолди дастурига киритсак, яхши бўлар эди, — деди С.Кумушев.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА