Бугун Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида бўлиб ўтган брифингда “Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамияти ахборот хизмати раҳбари Ҳожиакбар Тўлаганов 2025 йилнинг ўтган иккинчи чорагида жамият ва тармоқ корхоналарида амалга оширилган коррупцияга қарши чора-тадбирлар юзасидан маълумот берди.
Унинг сўзларига кўра, ҳисобот даврида “Ўзкимёсаноат” АЖ ҳамда “Навоийазот”, “Деҳқонобод калий заводи”, “Максам-Чирчиқ”, “Аммофос-Максам”, “Ўзкимёсаноатлойиҳа” АЖлари ва “Қизилқум фосфорит комплекси”, “Ўзкимёимпекс” МЧЖларида комплаенс назорати ҳамда коррупциянинг олдини олишга қаратилган ишларни изчил амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилди.
Ҳисобот даврида жамият ва унинг таркибий корхоналарига янги ишга қабул қилинган 455 нафар ходим манфаатлар тўқнашуви бўйича текширилди. Шунингдек, 76 нафар раҳбар ва комплаенс ходимлари малакасини ошириш курсларида қатнашди. Уларнинг 50 нафари ISO 31000:2018 “Хавфларни бошқариш” халқаро стандарти асосида, 26 нафари эса Коррупцияга қарши виртуал академия платформасида “Коррупцияга қарши курашиш менежмент тизимининг самарали ишлашини таъминлаш” мавзусида ўқитилди.
Бундан ташқари, корхоналарда 20 дан ортиқ коррупцияга қарши кураш ва манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш мавзусида семинар ва давра суҳбатлари ташкил этилди. Уларда 850 нафардан зиёд ходим иштирок этди.
Коррупцияга қарши курашда шаффофликни таъминлаш мақсадида жорий йилнинг ўтган 6 ойи мобайнида E-Antikor.uz платформасига 29 та махсус индикатор бўйича маълумотлар 5 та йўналишда тақдим этилди.
Жорий йилнинг 12 июнь куни “Ўзкимёсаноат” АЖ “CERT International” халқаро академиясидан муваффақиятли аудитдан ўтиб, коррупцияга қарши соҳадаги нуфузли ISO 37001:2016 сертификатига эга бўлди.
– Ҳисобот даврида “Ўзкимёсаноат” ва унинг корхоналари томонидан 3 500 дан ортиқ хўжалик шартномалари тузилди ва уларнинг барчасида коррупцияга қарши талаблар назарда тутилди.
Шунингдек, жисмоний ва юридик шахслардан ишонч телефонлари ва алоқа каналлари орқали 291 та мурожаат келиб тушган. Уларнинг 12 таси коррупцияга оид бўлиб, барчаси юзасидан хизмат текширувлари ўтказилган ва натижада 10 нафар ходимга нисбатан интизомий чора кўрилган, – деди Ҳ.Тўлаганов.
Тадбир якунида қайд этилганидек, тизимда ўтказилган 52 марта режали назорат текширувлари натижасида 24 та ҳолат бўйича материаллар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилган. Ҳозирда 20 та ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
2025 йилнинг иккинчи чораги давомида амалга оширилган ушбу чора-тадбирлар “Ўзкимёсаноат”да очиқлик, масъулият ва ҳалоллик тамойилларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА