Бугун “Ўзбеккўмир” акциядорлик жамиятида “Очиқ эшиклар куни” тадбири ўтказилди.
Унда жамият раҳбарияти ва масъул ходимлари, давлат органлари ва жамоат ташкилотлари вакиллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари, талабалар ва ёшлар иштирок этди. Тадбир давомида ташкилот фаолияти ҳақида атрофлича маълумот берилди.
Бугунги кунда жамият таркибида 12 та филиал мавжуд бўлиб, уларда қарийб олти минг нафар ходим фаолият юритади. Бундай йирик тузилмада коррупциявий хавф-хатарларнинг олдини олиш ва бу иллатга қарши курашиш муҳим вазифа ҳисобланади.
Жамиятнинг комплаенс-назорат хизмати инспектори Муроджон Абдураимов тизимда коррупцияга қарши ички назоратни мустаҳкамлаш бўйича кўрилган чоралар, 2024 йил якунида янгиланган ички меъёрий ҳужжатлар, филиалларда ташкил этилган комплаенс-назорат штатлари ва манфаатлар тўқнашуви бўйича олиб борилган таҳлиллар натижалари ҳақида маълумот берди. Шунингдек, ходимлар томонидан тўлдирилган декларациялар ва улар юзасидан ўтказилган таҳлиллар натижалари ҳам тақдим этилди.
Бугунги кунда ташкилотда коррупцияга қарши курашиш тизимли ва изчил йўлга қўйилгани жамиятнинг барча бўлинмаларида назорат ва шаффофлик механизмлари самарали фаолият юритиши билан ҳам ўз аксини топмоқда.
Тадбир якунида “Ўзбеккўмир” АЖ келгусида ҳам очиқлик, қонунийлик ва шаффофлик тамойилларига таянган ҳолда жамоатчилик билан ҳамкорликни изчил давом эттиришини маълум қилди.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА