Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш бўйича республика комиссияси фаолиятини ташкил этиш тўғрисидаги низом тасдиқланди
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш бўйича республика комиссияси тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида” қарор қабул қилди.
Унга мувофиқ, Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш бўйича республика комиссияси фаолиятини ташкил этиш тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Низомда:
Республика комиссиясининг асосий вазифалари ва функциялари ҳамда ҳуқуқлари ва мажбуриятлари;
Республика комиссияси фаолиятини ташкил этиш, қарорлар қабул қилиш ва уларнинг бажарилишини таъминлаш тартиби белгилаб берилган.
Республика комиссиясининг ишчи органи этиб Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги белгиланди.
Республика комиссияси ишчи органи:
ички ва ташқи бозор конъюнктурасини чуқур ўрганиш ва таҳлил қилиш асосида мамлакатимизда озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳажмлари, жумладан, импорт ўрнини босувчи маҳаллий маҳсулот турларини кўпайтириш;
республика аҳолисини ижтимоий аҳамиятга эга бўлган асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлашнинг истиқболларини белгилаш;
озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашнинг самарали механизмларини жорий қилиш каби таклифларни Республика комиссиясига киритиб боради.
Мазкур Низом Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш бўйича республика комиссиясининг мақоми, асосий вазифалари ва функциялари, ҳуқуқ ва мажбуриятларини ҳамда фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.
Республика комиссияси ижтимоий аҳамиятга эга бўлган озик-овкат мах,сулотлари нархларининг баркарорлигини таъминлаш, озиқ-овқат балансидаги импортга боғланган ёки етишмовчилик хавфи мавжуд бўлган маҳсулотларни етиштиришни кўпайтириш, рухсат этилган фойдаланиш турларига асосан ер участкаларида экин жойлаштириш улушларига (фоизлар) ҳудудлар ихтисослигидан келиб чиқиб ўзгартириш бўйича таклифларни ишлаб чиқувчи ҳамда аҳолини озиқ-овқат маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлашнинг истиқболларини белгиловчи идоралараро коллегиал орган ҳисобланади.
Республика комиссиясининг таркиби Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланади.
Республика комиссияси ўз фаолияти давомида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, бошқа қонунчилик ҳужжатларига, шунингдек, ушбу Низомга амал қилади.
ЎзА