Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги ва сифат назорати такомиллаштирилади
Сенатнинг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси томонидан Барқарор ривожланиш мақсадлари ойлиги доирасида “Озиқ-овқат хавфсизлиги ва барқарор аграр тараққиёт: устувор вазифалар ва истиқболлар” мавзусида семинар ўтказилди.
Қўмита раиси Анвар Тўйчив мамлакатимизда Барқарор ривожланиш мақсадлари доирасида озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлаш, овқатланиш рационини яхшилаш ҳамда қишлоқ хўжалигининг барқарор ривожланишига кўмаклашишга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.
Хусусан, соҳанинг ҳуқуқий ва институционал асослари мустаҳкамланди. Қишлоқ хўжалигида барқарор ишлаб чиқариш тизими шакллантирилмоқда. Сув ва ер ресурсларидан оқилона фойдаланиш устувор вазифага айланмоқда.

Қайд этилганидек, глобал иқлим ўзгариши, сув ресурсларининг танқислиги, ерларнинг деградацияга учраши, аҳоли сонининг ўсиши ва озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талабнинг ортиши аграр соҳани янги ёндашувлар асосида ривожлантиришни тақозо этмоқда.
Семинарда озиқ-овқат хавфсизлиги нафақат қишлоқ хўжалиги, балки иқтисодий барқарорлик, аҳоли фаровонлиги, ижтимоий ҳимоя ва экологик хавфсизликнинг муҳим омили сифатида алоҳида аҳамият касб этиши қайд этилди.
Семинар иштирокчилари аҳоли даромадлари ва озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари ўртасидаги мутаносибликни таъминлаш, маҳсулотлар сифати, хавфсизлигига алоҳида эътибор қаратиш, озиқ-овқат маҳсулотларини сақлаш ва ташиш жараёнларини такомиллаштириш, қишлоқ хўжалигида сув танқислиги ва иқлим ўзгариши таъсирига мослашиш бўйича чораларни янада кучайтириш лозимлигини таъкидлади.

БРМ мақсадларига эришишда парламент, маҳаллий кенгашлар, жамоатчиликнинг иштироки муҳимлигидан келиб чиқиб, белгиланган кўрсаткичларнинг ҳудудлар кесимида ижросини ҳар йили таҳлил қилиб бориш, озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича мавжуд муаммоларни ўрганишга фуқаролик жамияти институтлари, илмий-тадқиқот муассасалари, фермерлар ва жамоатчиликни кенг жалб қилиш зарурлиги қайд этилди.

Тадбир якунида қишлоқ хўжалигида ишлаб чиқариш самарадорлиги ва меҳнат унумдорлигини ошириш, ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, иқлим ўзгаришининг аграр соҳага таъсирини камайтириш, озиқ-овқат маҳсулотларини сақлаш, қайта ишлаш ва логистика инфратузилмасини ривожлантириш, озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги ва сифат назоратини такомиллаштириш бўйича аниқ таклиф ва тавсиялар берилди.
Н.Абдураимова,
ЎзА