Ўзбекистоннинг халқаро авиация соҳасидаги иштироки кенгайтирилади
Сенат ялпи мажлисида “Халқаро фуқаро авиацияси тўғрисидаги конвенцияга киритилган ўзгартиришлар билан боғлиқ баённомаларни (Монреаль, 2016 йил 6 октябрь) ратификация қилиш ҳақида”ги қонун кўриб чиқилди.
Сенатнинг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси раиси Алишер Аъзамхўжаев мазкур баённомалар Халқаро фуқаро авиацияси ташкилотининг бошқарув ва эксперт органларида аъзо давлатлар вакиллигини кенгайтириш, қарор қабул қилиш жараёнида минтақавий манфаатларни янада мувозанатли ҳисобга олиш ҳамда ташкилотнинг институционал ва экспертлик салоҳиятини оширишга қаратилганини таъкидлади.
Конвенцияга киритилган ўзгартиришлар Ўзбекистоннинг Халқаро фуқаро авиацияси ташкилоти доирасидаги халқаро мажбуриятларини бажариш, ташкилотда амалга оширилаётган институционал ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш имконини беради.

Сенаторлар маъқуллаган қонун Халқаро фуқаро авиацияси ташкилотининг бошқарув органларига Ўзбекистон вакилларини илгари суриш, минтақавий манфаатларни ифодалаш ва мамлакатимизнинг халқаро авиация соҳасидаги иштирокини кенгайтиришга хизмат қилади.
Н.Абдураимова,
Н.Ҳайдаров (сурат), ЎзА