Авиация соҳасидаги трансчегаравий жиноятларга қарши курашиш таъминланади
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП фракциясининг навбатдаги йиғилишида бир қатор қонун лойиҳалари кўриб чиқилди. Дастлаб Президентимизнинг шу йил 16-17 ноябрь кунлари Ўмон Султонлигига давлат ташрифининг якунлари ҳақида атрофлича сўз юритилди.
Депутатлар ушбу ташриф давлатлар ўртасидаги муносабатларни ривожлантириш, ҳамкорликни янги мазмун ва амалий йўналишлар билан бойитиш, мавжуд имкониятларни тўлиқ ишга солиш ҳамда манфаатли шерикликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилишини қайд этдилар. Ўзбекистон билан Ўмон ўртасида имзоланган Стратегик шериклик тўғрисидаги битим икки томонлама муносабатларни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиққан алоҳида тарихий воқеа бўлгани таъкидланди.
Шундан сўнг йиғилишда “Ҳаво кемаларининг қонунга хилоф тарзда босиб олинишига қарши курашиш тўғрисидаги Конвенцияни тўлдирувчи Баённомага (Пекин, 2010 йил 10 сентябрь) Ўзбекистон Республикасининг қўшилиши ҳақида”ги қонун лойиҳаси ҳам обдон муҳокама қилинди.
Қайд этилганидек, мамлакатимизда авиақатновлар географиясини кенгайтириш, янги ҳаво ташувчиларни жалб этиш, аэропортларнинг транзит салоҳиятини ошириш ва авиация хизматлари бозорини либераллаштириш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳаво транспорти хавфсизлигини таъминлашга янада юқори талаблар қўймоқда. Бундай шароитда Баённомага қўшилиш ҳаво кемалари, йўловчилар ва экипаж аъзолари хавфсизлигини таъминлаш, авиация соҳасидаги трансчегаравий жиноятларга қарши курашиш ҳамда хорижий давлатларнинг ваколатли органлари билан ҳуқуқий ҳамкорликни кучайтириш имконини беради.
Айни пайтда халқаро авиация хавфсизлиги стандартларининг изчил жорий этилиши Ўзбекистоннинг соҳадаги халқаро баҳолаш ва рейтинглардаги мавқеини яхшилаш, хорижий ҳамкорлар ишончини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
М.Комилова, ЎзА