Ўзбекистоннинг стратегик эволюцияси: ҳаракатлардан Миллий юксалишга
2017 йилдан 2026 йилгача бўлган ўн йил Ўзбекистон тарихида оддий давр эмас. Бу мамлакатнинг ёпиқликдан очиқликка, маъмурий босимдан мулоқотга, тармоқ режаларидан натижадор ва рақамли бошқарувга ўтган тарихий трансформация йилларидир.
Президент сайловларидан кейин қабул қилинган стратегик ҳужжатлар изчил алмашиниб, давлат ва жамият бошқарувининг янги фалсафасини шакллантирди. Бугунги кунда биз “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг янгиланган таҳрири ва “Миллий юксалиш даври” деб эълон қилинган 7 та умуммиллий дастур олдида турибмиз. Ушбу йўл қандай босиб ўтилди ва нима учун у ўзига хос ҳисобланади?
Биринчи қадам: Ҳаракатлар стратегияси — пойдевор
2017 йил 7 февралдаги ПФ-4947-сон Фармон билан тасдиқланган Ҳаракатлар стратегияси (2017–2021) бешта устувор йўналишни қамраб олди. Унинг асосий шиори оддий, аммо чуқур эди: “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак”.
Бу даврда Халқ қабулхоналари ва Виртуал қабулхона институтлари яратилди. Миллионлаб мурожаатлар кўриб чиқилди. Давлат бошқаруви ва суд тизимида юзлаб янги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. 2017 йилги Давлат дастурининг ўзидагина 37,7 триллион сўм ва 8,3 миллиард долларлик чора-тадбирлар амалга оширилди. Бу — очиқликка юз буриш, фуқароларнинг овозини эшитиш ва бюрократик тўсиқларни камайтириш борасидаги тарихий пойдевор эди.
Стратегиянинг ижроси махсус комиссиялар ва “Тараққиёт стратегияси” маркази томонидан мувофиқлаштирилди. Натижада давлат аппарати халққа яқинлашди, электрон ҳукумат элементлари жорий этила бошлади.
Иккинчи босқич: Тараққиёт стратегияси — кенгайиш ва чуқурлашиш
2021 йилги сайловдан сўнг 2022 йил 28 январдаги ПФ-60-сон Фармон билан Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси (2022–2026) қабул қилинди. Йўналишлар сони бештадан еттитага кўпайди. Илк бор “100 та аниқ мақсад” тизими жорий этилди.
Янгиликлар аниқ эди. Миллий ўзликни англаш ва маънавият алоҳида блокка ажратилди. Глобал иқлим ўзгариши, Орол фожиаси, пандемия ва меҳнат миграцияси каби умумбашарий муаммоларга миллий манфаатлардан келиб чиқиб ёндашиш алоҳида йўналиш сифатида белгиланди. Дастур доирасида 55 миллиард долларлик лойиҳалар назарда тутилди.
Бу босқичда “маҳаллабай” тизимга ўтиш, “маҳалла бешлиги”нинг шаклланиши, давлат фуқаролик хизматининг қонуний асосларини мустаҳкамлаш ва “Vacancy.argos.uz” портали орқали очиқ танловлар тизими ишга туширилди. 100 мингдан ортиқ кадрлар очиқ танлов асосида ишга қабул қилинди. Давлат бошқаруви ихчамлаштирилди, вазирлик ва идоралар сони мақбуллаштирилди.
Учинчи босқич: “Ўзбекистон—2030” — миқдорий аниқлик ва рақамли назорат
2023 йилги янгиланган Конституция ва муддатидан илгари Президент сайловидан сўнг ПФ-158-сон Фармон ва ПҚ-300-сон қарор билан “Ўзбекистон—2030” стратегияси тасдиқланди. Йўналишлар яна бештага жамланди, аммо 100 та мақсад ва 400 дан ортиқ миқдорий индикаторлар сақлаб қолинди. Асосий эътибор инсон капиталига — таълим, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий ҳимояга қаратилди (44 та мақсад).
2026 йил 16 февралдаги ПФ-21-сон Фармон билан Стратегиянинг 2026–2030 йилларга мўлжалланган янги таҳрири қабул қилинди. KPI сони 437 тага етказилди, ҳар бир кўрсаткич йиллар кесимида белгиланди. Мониторинг тўлиқ рақамлаштирилди: “яшил”, “сариқ” ва “қизил” тоифалари орқали раҳбарларнинг шахсий жавобгарлиги қатъий белгиланди. Бош вазир раислигидаги Республика комиссияси тузилди. 73 та концепция ва 33 та стратегия қайта кўриб чиқилиб, ягона мақсадларга уйғунлаштирилди.
Молиявий қамров ҳам катта: 252 миллиард долларлик мақсадли манбалар белгиланди. Маҳалла инфратузилмасига 24 триллион сўм, “Ташаббусли бюджет”га йиллик 10 триллион сўм ажратилмоқда. Электрон давлат хизматларини 90 фоизга етказиш, БМТнинг Электрон ҳукумат рейтингида ТОП-30 га кириш, ҳокимлар қарорларини “E-qaror” тизимида қабул қилиш каби аниқ мақсадлар қўйилди.
Тўртинчи босқич: Миллий юксалиш — маҳалла бош буюртмачи
2026 йил 28 августда Давлат мустақиллигининг 35 йиллиги тантанасидаги Президент нутқи янги даврни эълон қилди. Келгуси ўн йиллик “Миллий юксалиш даври” деб белгиланди. Еттита умуммиллий дастур илгари сурилди:
1) Билим ва малакани асосий капиталга айлантириш;
2) Соғлом бўлиш ва узоқ умр кўриш;
3) Юқори технологияли ва меҳнат унумдорлигига асосланган иқтисодиёт;
4) Сув ва табиатга муносабатни тубдан ўзгартириш;
5) Суд мустақиллиги ва қонун устуворлиги;
6) Маҳаллани жамият тараққиётининг бош буюртмачисига айлантириш;
7) Тинчлик ва бағрикенглик сиёсати.
Энг муҳим ўзгариш бошқарувнинг “юқоридан—пастга” вертикалидан “пастдан—юқорига” буюртма моделига ўтиш бўлди. Эндиликда, туман бюджети, инвестиция ва давлат дастурлари фақат маҳалла аҳолисининг расмий буюртмаси асосида шакллантирилади. Давлат бош буюртмачи эмас, балки халқ буюртмасининг сифатли ижрочисига айланади.
Ҳоким ва Кенгаш раиси лавозимларининг ажратилиши бу босқичнинг энг катта демократик ютуғи бўлди. 2024 йил октябрь ойидаги сайловлардан сўнг вилоятларда, 2026 йил 1 январдан эса барча 208 та туман ва шаҳарларда ҳокимларнинг вакиллик органига раҳбарлик қилиш амалиёти тўлиқ бекор қилинди. Кенгаш раислари депутатлар орасидан сайланди. 33 та ваколат Кенгашларга ўтказилди. Бу “тийиб туриш ва мувозанат” механизмининг реал шаклланишидир.
Ўн йиллик натижалар рақамларда
Президент нутқидаги расмий кўрсаткичлар ислоҳотларнинг изчиллигидан дарак беради. Жумладан, камбағаллик даражаси 35 фоиздан 4 фоизга туширилди. ЯИМ 55 миллиард доллардан 160 миллиард долларга етди. Хорижий инвестициялар оқими 18 баробар ошди. Ўртача умр кўриш 75,4 ёшга етди. Олийгоҳлардаги талабалар сони 260 мингдан 1,6 миллионга чиқди. Болаларнинг мактабгача таълим қамрови 78 фоизга етди. 650 мингдан зиёд оила янги уй-жойга эга бўлди. 652 та янги тиббиёт муассасаси барпо этилди.
Инсон капиталига эътибор 2017 йилдаги 15 фоиздан 2023–2026 йилларда 44 фоизга кўтарилди. Маҳалла оддий фуқаролар йиғинидан 7 та давлат вакили ишлайдиган таянч тузилмага айланди. Сув тежовчи технологиялар, “Яшил макон”, рақамли хизматлар экспорти ва сунъий интеллект каби йўналишлар устуворликка чиқди.
Концептуал силжишлар
Ўн йиллик таҳлил шуни кўрсатадики, бошқарув фалсафаси “давлат манфаати”дан “инсон қадри”га силжиди. Режалаштириш тизими тармоқ рўйхатларидан 437 та KPI ва рақамли “светофор”га ўтди. Маҳалла бош сиёсий ва иқтисодий кучга айланди. Маҳаллий даражада ҳокимиятлар бўлиниши тамойили тўлиқ қарор топди.
Соф маъмурий мақсадларнинг улуши камайгани бошқарувга эътибор сусайганини эмас, балки маъмурий ислоҳотлар институционал босқичдан функционал ва рақамли босқичга ўтганини англатади. Давлат аппарати ўзини ўзи қайта ташкил этиш гирдобидан чиқиб, фуқароларга проактив хизмат кўрсатувчи “сервис давлат” моделига трансформация бўлмоқда.
БМТ Тараққиёт дастури ва Жаҳон банки экспертлари қайд этишича, Ўзбекистонда стратегик режалаштириш тизими классик “идоравий тадбирлар рўйхати”дан замонавий натижадорлик ва рақамли индикаторларга асосланган комплекс дастурий платформаларга эволюция қилди. Бу дастурлар шунчаки мақсадлар мажмуи эмас, балки аниқ молиявий манбалар билан таъминланган ва жамият билан давлат ўртасидаги янги ижтимоий шартномани мустаҳкамловчи ҳужжатларга айланди.
Умуман олганда, Ўзбекистон бугунги кунда ўз стратегик йўлини аниқ белгилаб олган. Ҳаракатлар стратегиясидан бошлаб “Миллий юксалиш”гача бўлган йўл — бу изчил, мақсадли ва инсонга йўналтирилган ривожланиш йўлидир.
Келгуси ўн йилда маҳалла буюртмаси, рақамли назорат ва инсон капиталига асосланган сиёсат мамлакатни янги сифат босқичига олиб чиқиши шубҳасиз. Бу нафақат ҳужжатлардаги мақсадлар, балки реал ҳаётдаги ўзгаришларнинг мантиқий давомидир.
Муҳаммаджон ЖЎРАЕВ,
Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази
бўлим бошлиғи