Миллий юксалишнинг янги стратегияси
Ҳаракатлар стратегиясидан – Тараққиёт стратегияси сари
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг лавозимга киришиш тантанали маросимига бағишланган Олий Мажлис палаталари қўшма мажлисида сўзлаган нутқини барчамиз катта қизиқиш ва ҳаяжон билан тингладик.
“Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси асосида демократик ислоҳотлар йўлини қатъий давом эттирамиз” деб номланган ушбу маърузада келгуси беш йилда миллий ривожланишимизнинг янги босқичдаги еттита устувор йўналиш ва амалга оширилиши лозим бўлган муҳим чора-тадбирлар белгилаб берилди.
“Ҳаракатлар стратегиясидан – Тараққиёт стратегияси сари” деган ғоя бош мезон сифатида танлаб олинган мазкур стратегияда юртимизда яшаётган ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини тўлиқ рўёбга чиқариш, хусусан, инсон қадри олий қадрият сифатида улуғлангани билан алоҳида аҳамиятга моликдир.
Дарҳақиқат, бундан беш йил аввал қабул қилинган Ҳаракатлар стратегияси доирасида ўтган вақт давомида мамлакатимизда барча соҳаларда шиддатли ислоҳотларга қўл урилиб, энг аввало, халқимизни рози қилиш, одамларнинг муносиб турмуш кечиришини таъминлаш, аҳоли фаровонлигини оширишга қаратилган амалий саъй-ҳаракатлар юксак натижаларни бергани жаҳон ҳамжамияти томонидан ҳам ҳақли равишда эътироф этилди. Энг асосийси, халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак, деган тамойил изчил йўлга қўйилгани натижасида ижтимоий-сиёсий ҳаётимиз эркинлашиб, инсон омилига эътибор ҳар қачонгидан ҳам юқори даражага кўтарилди.
Шуниси диққатга сазоворки, ўтган беш йилда мамлакатимизда юз берган янгиланишлар нафаси ҳар бир шаҳар ва туман, қишлоқ ва маҳаллагача кириб бориб, давлат инсон учун, халқ учун очилди, аҳоли билан бевосита мулоқот қилиш, унинг муаммоларини ижобий ҳал этишга қаратилган мутлақо янги сиёсий-ижтимоий тизим яратилди. Ҳаракатлар стратегияси доирасида қабул қилинган 300 га яқин қонун, 4 мингдан зиёд Президент фармони ва қарорларининг барчасида, энг аввало, инсон қадри, унинг ҳақ-ҳуқуқлари ва манфаатларини тўлиқ рўёбга чиқариш масаласи устувор аҳамият касб этди. Давлат ташкилотлари иш фаолиятида “маҳаллага тушиш”, “халқ ичига кириш, унинг “дардига қулоқ солиш”, “ташвишига шерик бўлиш” ва “муаммоларни жойида ҳал этиш” тамойиллари асосий мезонга айланди.
Президентимиз ўз лавозимига киришиш маросимидаги маърузасида бундан буёнги фаолиятимиз “инсон – жамият – давлат”, деган янги тамойил асосида ташкил этилишини алоҳида эътироф этди. Ўз навбатида, келгуси беш йилликдаги ислоҳотлар ўтган даврда эришилган ютуқларимиз билан бирга, йўл қўйилган хато ва камчиликларни ҳам танқидий нуқтаи назардан чуқур таҳлил қилган ҳолда узвий давом эттирилиши қайд этилди. Шулардан келиб чиқиб, эндиликда ҳар бир ҳудуд, соҳа ва тармоқ фаолиятига уларда фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари қандай таъминланаётганига қараб баҳо берилиши маърузада алоҳида айтиб ўтилди.
“Шу муносабат билан “Халқ давлат органларига эмас, давлат органлари халқимизга хизмат қилиши керак”, деган даъватга қўшимча қилиб айтмоқчиман: “Раҳбарлар фақат давлатга эмас, аввало, инсон ва оилага, уларнинг қонуний манфаатларини таъминлашга хизмат қилиши керак”. Шунинг учун ҳар бир мутасадди маҳалла ва туман ҳаётини ипидан игнасигача билиши шарт”, дея таъкидлади давлатимиз раҳбари.
Шуни алоҳида эътироф этиш керакки, сўнгги йилларда мамлакатимизда маҳалла институтини янада такомиллаштириш, унинг тизимли фаолият юритиши учун зарур шарт-шароитларни яратиш, маҳаллани демократик ислоҳотларнинг фаол иштирокчисига айлантириш борасида ҳам эътиборга молик ишлар амалга оширилди.
Хусусан, 2020 йил 18 февралда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳамда вазирлик ҳузуридаги “Маҳалла ва оила” илмий-тадқиқот институти ташкил этилди. Фуқаролар йиғинлари зиммасида мавжуд 200 дан ортиқ вазифалар соҳа ходимлари зиммасидан олиб ташланди. 22 март санаси “Маҳалла тизими ходимлари куни” сифатида белгиланди.
Мамлакатимиздаги 1 минг 700 га яқин маҳалла идораси янгидан қурилди, 1 минг 200 га яқини эса қайта реконструкция қилинди, 4 минг 300 дан ортиғи таъмирланди. 7 мингга яқин фуқаролар йиғини компьютер жамланмаси, 5 мингга яқини янги мебель жиҳозлари билан таъминланди. 4 минг 300 га яқин маҳалла биноларида кутубхоналар ташкил этилиб, 153 та туман (шаҳар) марказида “Маҳалла маркази” мажмуалари фойдаланишга топширилди.
Ўтган йиллар давомида юртимизда аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини қўллаб-қувватлашнинг мутлақо янги тизими жорий этилди. “Темир дафтар”, “Ёшлар дафтари” ва “Аёллар дафтари”нинг шакллантирилиши ушбу тоифадаги аҳолини манзилли қўллаб-қувватлаш имконини берди. Ўз навбатида, “маҳалла – сектор – Халқ қабулхонаси – маҳалла” тамойили асосида миллионлаб оилалардаги муаммолар ўрганилиб, уларнинг аксари ижобий ҳал этилди. Натижада юртимиздаги ўзгаришлар, содир бўлаётган янгиланишлар ва бунга аҳолининг муносабати, уларнинг кайфияти, аввало, маҳаллада акс этиб, маҳаллада сезила бошлади.
Бугунги кунда маҳалла тизимида амалга оширилган ислоҳотларнинг одамлар ҳаётидаги аҳамиятини ошириш, маҳаллани аҳолига янада яқинлаштириш, хусусан, "Маҳалла раиси — ислоҳотчи” тамойили асосида жойлардаги ижтимоий муаммоларни ҳал қилиш бўйича янги тизим шаклланмоқда. Ана шу каби эзгу ишлар келгусида ҳам янгича мазмун-моҳият билан изчил давом эттирилиб, маҳаллий бошқарув органларининг жойларда муаммоларни ҳал этишдаги роли ва масъулиятини янада кучайтириш, шу мақсадда давлат функцияларининг катта қисмини марказдан ҳудудларга ўтказиш, маҳалла тизимини ҳокимликлар билан боғлаш учун ҳар бир маҳаллада ҳоким ёрдамчиси лавозимини жорий этиш, маҳаллаларда ёшлар масалалари билан мунтазам шуғулланадиган Ёшлар ишлари агентлигининг вакили ҳам бўлиши, туман бюджети қўшимча манбалар билан таъминланиб, маҳалланинг алоҳида жамғармаси шакллантирилиши масалалари ушбу соҳадаги ислоҳотлар ўзагини ташкил этиши Тараққиёт стратегиясида ўз аксини топганини кўриш мумкин.
Шу ўринда, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан кексаларнинг ҳаёт даражасини ошириш, уларнинг мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги фаолиятини қўллаб-қувватлаш, ёши улуғ инсонларга ҳурмат ва эҳтиром, иззат-икром кўрсатиш, нуронийларимизни ижтимоий ҳимоя қилиш, саломатликларини сақлаш, улар учун барча шароит ва имкониятларни яратиб бериш давлат сиёсати даражасига кўтарилгани барчамизга алоҳида мамнуният бахш этади.
Президентимизнинг 2016 йил 28 декабрдаги “Ўзбекистон фахрийларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони бу борадаги ишлар кўламини кенгайтириш ва самарадорлигини оширишга хизмат қилмоқда.
Хусусан, мазкур фармон ҳамда соҳага оид қабул қилинган 10 дан ортиқ қонун ҳужжатлари асосида сўнгги беш йилда кекса авлод вакилларини давлат томонидан қўллаб-қувватлашни кучайтириш, уларга ижтимоий хизматлар кўрсатиш тизимини яхшилаш, турли имтиёзлар яратиш борасида комплекс чора-тадбирлар амалга оширилди. Нуронийларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш мақсадида “Фахрий мураббий” ордени ва “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони таъсис этилди. Барча шаҳар ва туманларда “Нуронийлар масканлари” фаолият бошлади. Ишловчи пенсионерларга пенсияларни 100 фоиз миқдорида, нақд пулда тўлаш тизими йўлга қўйилди. Вилоятлар, туманлар ва шаҳарларда Нуронийлар жамоатчилик кенгашлари, маҳаллаларда “Кексалар маслаҳати” гуруҳлари ташкил этилди.
2019 йилдан бошлаб ҳар йили октябрь ойининг биринчи ҳафтаси «Кексалар ҳафталиги» этиб белгиланди. Ҳар йили 1 ноябрдан 30 ноябрга қадар “Кексалар учун туризм ойлиги”ни ўтказиш анъанага айланди. Кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга ҳар йили бепул протез-ортопедия буюмлари ва реабилитация воситалари ажратилиб келинмоқда, нуронийларимизнинг даволанишлари ва саломатликларини тиклашлари учун давлат бюджети ҳисобидан миллиардлаб маблағлар йўналтирилмоқда.
Мухтасар айтганда, сўнгги беш йил ичида амалга оширилган янги босқичдаги ислоҳотлар самараси нуронийларимизнинг реал турмуш тарзида ҳам яққол ўз ифодасини топди.
Тараққиёт стратегиясининг тўртинчи устувор йўналиши сифатида адолатли ижтимоий сиёсат юритиш, инсон капиталини ривожлантиришнинг энг муҳим омили ҳисобланган сифатли таълим-тарбия масаласида, айниқса, нуронийларимизни янада фаол қўллаб-қувватлашга қаратилган қатор чора-тадбирларни амалга ошириш кўзда тутилаётгани диққатга сазовордир.
Президентимиз ўз нутқида таъкидлаб ўтганидек: “Кекса авлод вакилларига эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш, уларни ҳар томонлама эъзозлаш – халқимизнинг азалий қадриятидир. Ана шундай ноёб фазилатни асраб-авайлаш, фарзандларимизни шу руҳда тарбиялаш – барчамизнинг муқаддас бурчимиздир. Бугунги глобаллашув даврида, пандемия ва иқтисодий инқироз ҳукм сураётган оғир бир шароитда дунёнинг айрим ҳудудларида кексалар ўз муаммолари гирдобида ёлғиз қолиб кетаётгани ҳам сир эмас. Шунинг учун муҳтарам отахон ва онахонларимиз, меҳнат фахрийларининг ҳаётини мазмунли ва файзли қилиш, улар учун муносиб турмуш шароити яратиш, соғлиғини мустаҳкамлаш бўйича бошлаган ишларимизни янада кучайтиришимиз зарур. Токи бу ҳурматли инсонлар ўзларининг оила ва жамият ҳаётида муносиб ўрни борлигини доимо ҳис қилиб яшасинлар”.
Келгуси беш йил учун Тараққиёт стратегиясида ана шу мақсадлар йўлида нуронийларимизнинг руҳи ва кайфиятини кўтарадиган “Уч авлод учрашуви”, “Кексалар ҳафталиги” сингари маънавий-маърифий тадбирларни кўпайтириш, умуман, ҳар бир туманда фахрийларни қўллаб-қувватлаш ишларини кенгайтириш учун алоҳида дастурлар тузиб, амалга оширилиши назарда тутилди.
Шунингдек, жамиятимизда меҳр-оқибат, мурувват ва саховат тамойилларини янада мустаҳкамлаш мақсадида ногиронлиги бўлган фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилиши, энг муҳими, бу тизим амалда ишлаши ва ушбу тоифадаги инсонлар ўзларини жамиятнинг тўлақонли аъзоси, деб ҳис этишларига эришиш зарурлиги белгиланди.
Жаҳон тажрибасидан келиб чиқиб, ногиронлиги бўлган фуқароларни кафолатли иш ўрни ва даромад манбаи билан таъминлаш учун уларга аниқ квоталар белгилаш бўйича амалдаги қонунчилигимизга тегишли ўзгартиришлар киритиш вазифаси ҳам Тараққиёт стратегиясида устувор ўрин эгаллади.
Умуман, миллий ривожланиш йўлида ўтган даврда орттирилган тажрибамизга таянган ҳолда, Янги Ўзбекистон Тараққиёт стратегиясида барча соҳа ва тармоқлар, минтақа ва ҳудудлар, хусусан, ҳар бир маҳалла бўйича олдимизга янада юксак вазифалар қўйилмоқда.
Мазкур улуғвор мақсад ва ғояларни амалга ошириш, янги Ўзбекистонни барпо этиш ва Учинчи Ренессансга пойдевор қўйиш, Ватанимиз тараққиёти, халқимиз фаровонлиги ва бахт-саодати йўлида изчил олиб борилаётган, ҳеч қачон ортга қайтмайдиган ҳаётбахш ислоҳотлар самарадорлигини таъминлаш йўлида мамлакатимизда истиқомат қилаётган 3 миллион нафарга яқин нуроний-кексалар ҳам ташаббусни қўлга олиб, бир ёқадан бош чиқариб, аҳиллик ва ҳамжиҳатликда, фаол саъй-ҳаракатларни амалга ошираверадилар.
Президентимиз ибораси билан айтганда: “Янги Ўзбекистонни биргаликда албатта барпо этамиз!”.
Содиқжон ТУРДИЕВ,
Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири ўринбосари, Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси бошқаруви раиси, Ўзбекистон Қаҳрамони.