" Ўзбекистонни севиб қолганман"
Ўзбекистон Республикасининг Брюсселдаги элчихонаси ташаббуси билан “Letʻs Discover” продюсерлик компанияси директори Жон Линдер Рейнхард бошчилигидаги делегация Бухорода бўлди.
Продюсерлик компаниясининг мақсади – туризм салоҳиятини жаҳон ҳамжамиятига кенг намоён қилиш орқали юртимизга келадиган сайёҳлар оқимини оширишдан иборат.


Маълумотларга кўра, Жон Линдер Рейнхард бошчилигидаги бир гуруҳ фотографлар Тошкент, Бухоро, Самарқанд, Хива каби шаҳарларда бўлган. Чет эл фотографлари олган суратлар Европа мамлакатларидаги газета ва журналларда, турли кўргазмаларда намойиш этилади.


–Сўнгги йилларда Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти, маданияти ва санъати Европада фаол тарғиб қилинмоқда, – дейди Жон Линдер Рейнхард. – Мен дунёнинг кўпгина мамлакатлари бўйлаб саёҳатда бўлганман. Лекин Ўзбекистон менда ўзгача таассурот қолдирди. Шу боис ҳар сафар юртингизга келганимда ўзим учун янги маълумот ва лаҳзаларни кашф этаман. Ўзбекистонни севиб қолганман.
Зариф Комилов,
ЎзА мухбири