10 ноябрь – Бутунжаҳон фан куни муносабати билан ўтказилган “Global Atomic Quiz 2024” халқаро викторинасида Ўзбекистон фаол иштирок этди.
Ушбу тадбирдан кўзланган мақсад тинчлик ва ривожланиш учун илм-фан аҳамиятини кенг тарғиб қилишдир. "Росатом" давлат корпорацияси матбуот хизматининг маълум қилишича, викторина натижаларига асосан ўзбекистонлик уч нафар иштирокчи атом технологиялари бўйича дунёдаги энг кучли билимдонлар юзталигига кирди. Шунингдек, Ўзбекистондан қатнашган иштирокчилар сони ўтган йилга нисбатан икки баробар ошган. Бу йил “Global Atomic Quiz 2024” ўзининг бешинчи юбилей мавсумини нишонлади ва унда 100 мамлакатдан 25 мингга яқин иштирокчи қатнашди. Уларнинг орасидан 32 мамлакатдан келган 100 нафар иштирокчи ядровий технологияларни турли соҳаларда қўллаш бўйича энг юқори билимларга эга эканини глобал рейтингда исботлади.
“Global Atomic Quiz” – бу “Росатом”нинг халқаро маърифий лойиҳаси бўлиб, у ядро физикасининг асослари, инсон ҳаётида атом технологияларининг аҳамияти ва атом энергиясининг сайёрани асрашдаги ролини тарғиб қилишга қаратилган. Викторина ҳар йили 10 ноябрь – Бутунжаҳон фан куни муносабати билан дунёнинг 13 тилида ўтказилади. Лойиҳа 2020 йилда йўлга қўйилган бўлиб, бугунга қадар 100 дан ортиқ мамлакатдан 65 мингдан зиёд иштирокчини жалб қилган. Ўзбекистонликлар мазкур викторинада 2021 йилдан бошлаб иштирок этиб келмоқда.
Ташкилотчиларнинг фикрига кўра, ушбу лойиҳа фақат фан ва технологиялар бўйича билимларни синовдан ўтказишга эмас, балки янги билимларни ўрганиш орқали иштирокчиларнинг дунёқарашини кенгайтиришга ҳам хизмат қилади. Жорий йилда иштирокчилар атом технологияларининг бешта муҳим соҳада – “яшил” энергетика, фан, агросаноат, тиббиёт ҳамда транспорт ва саноатдаги аҳамияти билан танишдилар. Аҳамиятлиси, бу йил улар саволларнинг бир қисмини тайёрлашда ишга солинган нейрон тармоқларга қарши рақобат қилишига тўғри келди. Викторина Ўзбекистонда “Ўзатом” агентлиги қошидаги Атом технологиялари ахборот марказида (АТАМ) офлайн форматда ўтказилди.
– “Global Atomic Quiz”да ўзбекистонлик иштирокчилар сонининг ошиб бораётгани бизни қувонтирмоқда. Лойиҳа нафақат ёшлар, балки кенг жамоатчиликни атом технологияларининг аҳамияти ва фойдаси билан таништиришга ёрдам бермоқда. Бундай тадбирлар ёшларнинг фан ва технологияга қизиқишини оширади, – деди “Ўзатом” агентлиги жамоатчилик билан алоқалар бўлими раҳбари Гулрухсор Равшанова.
Тошкент шаҳридаги “МЭИ” миллий тадқиқот университети филиали 4-курс талабаси, викторина ғолибларидан бири Диёрбек Холмўминов таассуротлари билан ўртоқлашди.
– Ростини айтсам, ғолиб бўлишимни сира кутмаган эдим. Викторина жуда қизиқарли ўтди ва у билимларимни синовдан ўтказиш учун катта имконият бўлди. Бу тадбир орқали янги билимларга эга бўлдим ва бошқа ёшларга ҳам ушбу викторинада иштирок этишни тавсия қиламан, –деди у.
Хулоса қилиб айтганда, “Global Atomic Quiz 2024” викторинаси атом технологиялари ва уларнинг ҳаётдаги аҳамиятини кенг тарғиб қилишда муҳим аҳамият касб этади. Бундай тадбирлар ёшларнинг технологик билимларини оширишга ва илм-фанга қизиқишларини кучайтиришга хизмат қилади.
Н. Зиёдуллаева, ЎзА