Ўзбекистон делегацияси "World Atomic Days" халқаро форумида қатнашди
Атом энергетикасини ривожлантириш, энергия манбаларини диверсификация қилиш ва соҳада замонавий технологияларни жорий этиш бугун халқаро миқёсдаги муҳим масалалардан бирига айланмоқда. Бу жараёнда мамлакатлар ўртасида тажриба алмашиш, илмий ҳамкорликни кучайтириш ва малакали мутахассислар тайёрлаш алоҳида аҳамиятга эга.
Жорий йилнинг 12-13 ноябрь кунлари Туркиянинг Анталия шаҳрида ўтказилган “Жаҳон атом кунлари” - "World Atomic Days" халқаро форумида ҳам ушбу йўналишдаги долзарб вазифалар муҳокама қилинди. Тадбирда “Ўзатом” агентлиги мутасаддилари ҳамда халқаро ёшлар ташаббуслари иштирокчилари мамлакатимизнинг соҳадаги фаолияти ва ёшлар билан ишлаш тажрибасини намоён этди.
Анжуман "Росатом" давлат корпорацияси ташаббуси билан БРИКС мамлакатларининг атом энергияси платформаси, МАГАТЭ ва Жаҳон ядро ассоциацияси кўмагида ташкил этилди. Унда давлат идоралари, атом саноати компаниялари, халқаро ташкилотлар ва ёшлар ҳамжамияти вакиллари жамланди. Мулоқотлар давомида атом энергетикасининг энергетика хавфсизлиги, иқлим ўзгаришига қарши кураш ва барқарор тараққиётни таъминлашдаги имкониятлари кўриб чиқилди.

Форумнинг асосий сессияларидан бири "Атом энергетикаси - инсон ва сайёра учун" мавзусига бағишланди. Унда Ўзбекистон атом энергетикаси соҳасидаги режалар ва халқаро ҳамкорлик истиқболлари ҳам муҳокама марказида бўлди.
Мамлакатимиз учун бу масала алоҳида аҳамиятга эга. Айни пайтда Ўзбекистонда биринчи интеграциялашган атом электр станциясини барпо этиш лойиҳаси амалга оширилмоқда. Ушбу лойиҳа келгусида электр энергияси таъминотини мустаҳкамлаш, иқтисодиёт тармоқларининг ўсиб бораётган эҳтиёжларини қондириш ва илғор технологик ечимларни ўзлаштиришга хизмат қилиши кўзда тутилган.
Ўзбекистон вакилларининг форумдаги иштироки ёшлар билан боғлиқ халқаро ҳамкорлик йўналишида ҳам намоён бўлди. Жумладан, “ММФИ” Миллий тадқиқот ядро университетининг Тошкент филиали битирувчиси Муҳиддин Умидов "Росатом" бош директори ҳузуридаги “Impact Team - 2050” халқаро ёшлар кенгаши аъзоси сифатида йиғилишда қатнашди. Унда кенгашнинг бошқа аъзолари ва мураббийлари билан бир қаторда халқаро ёшлар ҳамкорлигини ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди.
Йиғилишда ёшлар иштирокидаги миллий ядро мулоқотларининг натижалари тақдим этилди. Маълум қилинишича, бундай учрашувлар 15 мамлакатда ташкил этилган бўлиб, уларда барча қитъалардан 15 мингдан ортиқ ёш иштирок этган. Мулоқотлар давомида ёшлар атом энергетикаси соҳасидаги ташкилотлар ва компаниялар раҳбарлари билан учрашиб, касбий имкониятлар, соҳанинг истиқболлари ва тинч атомдан фойдаланиш масалалари юзасидан фикр алмашган.

Шунингдек, атом тармоғида келажакда фаолият юритиш истагида бўлган талабалар, мактаб ўқувчилари ва ёш мутахассислар ўртасида сўров ўтказилган. Унинг асосида ёшларнинг соҳага кириб келишига тўсқинлик қилаётган омилларни аниқлашга қаратилган кенг қамровли тадқиқот амалга оширилган.
Таъкидлаш керакки, форум Ўзбекистоннинг атом энергетикаси соҳасидаги халқаро алоқаларини ривожлантириш ва ёшлар салоҳиятини юзага чиқариш учун янги имкониятлар яратди.
Насиба Зиёдуллаева,
ЎзА