Ўзбекистонлик гимнастлар Бокуда 12 та медални қўлга киритди
Озарбайжоннинг Боку шаҳрида спорт гимнастикаси бўйича халқаро турнир ўз якунига етди. Мусобақада иштирок этган Ўзбекистон терма жамоаси муваффақиятли иштирок этиб, жами 12 та медаль — 4 та кумуш ва 8 та бронза медалига сазовор бўлди.
Қайд этиш жоиз, жамоавий дастурларда ҳамюртимиз юқори натижалар қайд этиб, болалар ва қизлар ўртасидаги баҳсларда кумуш медалларни қўлга киритди. Шунингдек, Милана Гайнуллина ҳамда Аслияхон Абдуқодирова кўпкураш баҳсларида шоҳсупага кўтарилди.

Мусобақанинг энг сермаҳсул иштирокчиларидан бири Тимур Камаев бўлди. У кўпкураш, дастакли от, ҳалқалар, қўшпоя ва турник машқларида бронза медалларини қўлга киритиб, терма жамоанинг умумий натижасига катта ҳисса қўшди. Шунингдек, Бегзад Бахтияров таяниб сакраш дастурида бронза медалига эга чиққан бўлса, Милана Гайнуллина эркин машқларда, Аслияхон Абдуқодирова эса якка чўп баҳсларида совриндорлар сафидан жой олди.
Мазкур натижалар Ўзбекистон спорт гимнастикаси мактабида ёшлар захираси изчил шаклланиб бораётганини яна бир бор тасдиқлади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА