Ўзбекистонлик чорвадор фермерлар Хитойнинг роботлаштирилган мажмуаси тажрибасини ўрганмоқда
Маҳаллий чорвачиликни модернизация қилиш ва фермерлар фаолияти самарадорлигини ошириш қишлоқ хўжалигида юқори натижаларга олиб келади. Бу борада Хитой тажрибасини амалиётга татбиқ этиш ҳамда тадбиркорлар ўртасида янги ҳамкорлик лойиҳаларини йўлга қўйиш тобора муҳим аҳамият касб этмоқда.
Хитой Халқ Республикасида бўлиб турган 200 га яқин ўзбекистонлик чорвадор фермерлардан иборат делегация ўз ташрифини Хух-Хото шаҳридаги “Chilechuan Ecological Wisdom Pasture” замонавий чорвачилик мажмуасидан бошлади.
Қарийб 750 гектар майдонни эгаллаган ушбу мажмуа 2022 йилда фойдаланишга топширилган бўлиб, бир вақтнинг ўзида 12 минг бош қорамолни парваришлаш қувватига эга. Лойиҳанинг умумий қиймати 700 миллион юанни ташкил этади.
Мажмуада соғиш ва озиқлантириш жараёнлари тўлиқ роботлаштирилган. Қорамолларнинг саломатлиги ва маҳсулдорлиги эса рақамли тизимлар орқали назорат қилинади. Шунингдек, бу ерда чорвачилик чиқиндилари қайта ишланиб, органик ўғит тайёрланади.

Ташриф давомида фермерлар сут чорвачилигини ташкил этиш, наслли қорамолларни парваришлаш, замонавий озиқлантириш ва соғиш технологиялари, шунингдек, ишлаб чиқариш жараёнларини рақамлаштириш бўйича Хитой тажрибаси билан яқиндан танишдилар.
Фермерлар учун энг қизиқарли жиҳатлардан яна бири лойиҳанинг иқтисодий самарадорлиги бўлди. Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси маълумотига кўра, делегация аъзолари озуқа харажатлари, сут маҳсулдорлиги, ишлаб чиқариш таннархи ва замонавий ускуналар қийматини атрофлича ўрганди. Шунингдек, Ўзбекистонда ҳам шундай мажмуаларни барпо этиш ва илғор технологияларни жорий қилиш имкониятлари муҳокама қилинди.
А.РУСТАМОВ,
ЎзА