Меҳнат ярмаркасида 660 та бўш иш ўрни таклиф этилди
Сурхондарё вилояти прокуратураси ташаббуси билан бўш иш ўринлари ярмаркаси ўтказилди. Унда вилоятнинг 15 та туман ва шаҳридан корхона, ташкилот ҳамда муассасалар вакиллари 660 та бўш иш ўрни билан иштирок этди.
Ярмаркада иш излаётган фуқаролар иш берувчилар билан бевосита суҳбатлашиб, мавжуд вакансиялар, меҳнат шароитлари, иш ҳақи ва ишга қабул қилиш тартиби ҳақида маълумот олди. Турли касб ва мутахассисликлар бўйича таклиф этилган иш ўринлари ёшлар, вақтинча ишсиз ҳамда меҳнат фаолиятини қайта бошлаш истагидаги фуқаролар учун қулай имконият яратди.
Тадбирда камбағаллик реестрига киритилган оилалар аъзолари, «Аёллар дафтари»даги хотин-қизлар ва хорижий меҳнат миграциясидан қайтган фуқароларнинг бандлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилди.
– Ярмарка давомида 100 нафардан ортиқ фуқаро ишга жойлашиш бўйича ҳужжатларни расмийлаштирди, - дейди вилоят Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бошқармаси бошлиғи ўринбосари Зокир Ғаффоров. – Асосий мақсадимиз ижтимоий қўллаб-қувватлашга муҳтож, шунингдек, меҳнат миграциясидан қайтган фуқароларни доимий иш билан таъминлашга кўмаклашишдир.
[gallery-32566]
Иш берувчилар ва иш изловчиларни бир жойга жамлаган ярмарка фуқароларнинг ўзига муносиб иш танлаши, корхона ва ташкилотларнинг эса зарур мутахассисларни жалб этишига хизмат қилди. Бундай тадбирлар меҳнат бозоридаги талаб ва таклифни мувофиқлаштириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ҳамда даромад манбаларини кенгайтиришда муҳим аҳамиятга эга.
Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ (сурат), ЎзА