Ўзбекистон ва Ўмон тоғ-кон соҳасидаги инвестициявий ҳамкорликни кенгайтирмоқда
Мамлакатимизда тоғ-кон саноатига хорижий инвестицияларни жалб этиш, минерал хомашё базасини ўзлаштириш ва истиқболли конларни қидириш борасида халқаро ҳамкорлик кенгайтирилмоқда.
Бу жараёнда Ўмон Султонлиги компаниялари билан шерикликни ривожлантириш, қўшма инвестициявий лойиҳаларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ўмон Султонлигига давлат ташрифи доирасида "MBHolding" ва "Al Kalbani Group" компаниялари вакиллари билан тоғ-кон, геология соҳасидаги истиқболли лойиҳаларга инвестиция киритиш ва уларни ҳамкорликда амалга ошириш масалалари юзасидан музокаралар ўтказилди.

Шунингдек, муҳокамалар давомида Ўмоннинг "MineralDevelopment Oman" (MDO) компанияси билан Ўзбекистондаги мисга истиқболли майдонларни биргаликда ўзлаштириш бўйича келишувга эришилди. "Al TasnimGroup" билан эса саноат учун муҳим минераллар соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги битим имзоланди.
Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги ахборот хизматига кўра, ушбу келишувлар Ўзбекистоннинг тоғ-кон саноатида янги инвестициявий лойиҳаларни шакллантириш, хорижий сармоя ва илғор тажрибани жалб этиш, шунингдек, икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни янада ривожлантириш учун янги имкониятлар яратади.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА