Маълумотларга кўра, ер сайёраси вужудга келганига қарийб тўрт ярим миллиард йил бўлган. Унинг 29 фоиздан ортиқроғи қуруқликка, қолган қисми эса денгиз ва океанларга тўғри келади.
Ернинг ишлов бериладиган майдонлари бор-йўғи 11 фоизни ташкил қилишига қарамасдан, инсонлар учун зарур бўлган озиқ-овқат маҳсулотларининг 88 фоизини етиштириб беради. Лекин заминимизда кечаётган зиддиятли жараёнлар ер тузилмасини тобора ўзгартириб юбормоқда.
Ер муаммоларига инсониятнинг эътиборини қаратиш мақсадида 1970 йилдан бошлаб ҳар йили 22 апрель куни жаҳондаги барча мамлакатларда турли тадбирлар ва акциялар ўтказилади. Шу боис БМТ Бош Ассамблеяси 22 апрель санасини Бутунжаҳон ер куни деб эълон қилиб, уни нишонлашга қарор қилди. Ҳар йили мазкур сана мамлакатимизда ҳам кенг нишонланади.
Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги томонидан ўтказилган матбуот анжумани ҳам шу санага бағишланди.
Ўзбекистон Республикасининг маъмурий чегарасидаги умумий майдони 2022 йил 1 январь ҳолатига кўра жами 44 миллион 892 минг 400 гектарни, шундан суғориладиган ерлар эса 4 миллион 331 минг 700 гектарни ташкил қилади.
Рақамларга эътибор қаратадиган бўлсак, республикамиздаги жами ерлардан бор-йўғи 9,7 фоиз суғориладиган майдонлар ҳиссасига тўғри келади. Бу рақамларда қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат хавфсизлиги, саноат, ишлаб чиқариш, тўқимачилик, мева-сабзавотчилик ва яна турна қатор йўналишларни санашимиз мумкин.
Шу сабабли, Ўзбекистонда ер муносабатларини тартибга солиш, ундан мақсадли ва самарали фойдаланиш, ер билан узвий масалаларни қонун доирасида ҳал этиш учун Ўзбекистон Республикасида «Ер кодекси» қабул қилинган. Ушбу кодекс 14 боб, 91 та моддадан иборат.
Ўзбекистон Республикаси ер фонди ерлардан фойдаланиш мақсади ва тартибига кўра, ўзига хос хусусиятларга эга бўлиб, улар «Ер кодекси»нинг 8-моддасига асосан 8 та тоифага бўлинади.
Матбуот анжуманида бугунги кунда Kадастр агентлиги давлат кадастрлари палатаси томонидан жорий этилган “Uzkad” дастури орқали юқоридаги 8 та ер фонди тоифалари бўйича ер майдонлари, чизмаси ва чегараси (Gis хaritasi) ахборот тизимига киритилиб, давлат рўйхатидан ўтказилиб келинаётгани қайд этилди. Шу кунга қадар электрон тизим орқали 24 миллион гектар қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар тўлиқ ҳисобга олинган. Шундан 23 миллион гектари (93,6) давлат рўйхатидан ўтказилди.
Шунингдек, матбуот анжуманида қайд этилишича, рўйхатдан ўтказилган ерлар республикамизнинг жами ерининг асосий қисми бўлмиш ыишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар бўлиб, 54 фоизни ташкил этади. Бунинг бўғинида кичик тоифалар шаклланган бўлиб, улар фермер хўжаликлари, кластер, МЧЖ, корхона ва ташкилотлар, ёрдамчи хўжаликлар, деҳқон хўжаликлари, Ипакчилик ва жун саноатини ривожлантириш қўмитасига қарашли ерлар ва бошқа қишлоқ хўжалиги мақсадларида фойдаланиладиганлар жумласига киради.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА