Пиротехника билан боғлиқ айрим жиноятлар бўйича суриштирув ваколати божхона органларига ўтказилади
Сенатнинг 21-ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига божхона соҳасидаги ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш механизмларини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун кўриб чиқилди.
Мазкур масала бўйича маъруза қилган Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Қутбиддин Бурҳонов мазкур қонун божхона тўловларини тўлашдан бўйин товлаганлик учун жавобгарликни аниқлаштиришга қаратилганини таъкидлади.
Божхона органларининг айрим жиноятлар бўйича суриштирув ваколатларини такомиллаштириш ҳамда ҳуқуқни қўллаш амалиётини янада самарали ташкил этиш кўзда тутилган.
Маълумотларга кўра, 2022 йилда божхона тўловларини тўлашдан бўйин товлаш билан боғлиқ 162 миллиард сўмлик 291 та, 2023 йилда 218 миллиард сўмлик 207 та, 2024 йилда эса 247 миллиард сўмлик 348 та ҳолат аниқланган. Бу рақамлар ҳуқуқий механизмларни янада такомиллаштириш заруратини кўрсатади.

Қонун билан Жиноят кодексининг 184-моддасига божхона божларини тўлашдан бўйин товлашни ҳам қамраб оладиган ўзгартириш киритиш назарда тутилмоқда.
Бу давлат бюджети манфаатларини ҳимоя қилиш, қонунбузарликлар учун жавобгарликнинг муқаррарлигини таъминлаш ва божхона тўловларини қонунга мувофиқ тўлаётган тадбиркорлар учун тенг рақобат шароитларини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Жиноят-процессуал кодексига киритилаётган ўзгартиришлар орқали пиротехника буюмларининг қонунга хилоф муомаласи билан боғлиқ айрим жиноятлар бўйича суриштирув ваколатларини божхона органларига ўтказиш таклиф этилмоқда. Бу божхона соҳасидаги ҳуқуқбузарликларни аниқлаш ва уларга процессуал баҳо бериш жараёнини такомиллаштиришга хизмат қилади.
Сенаторлар маъқуллаган қонун божхона соҳасида қонунийликни мустаҳкамлаш ва ҳалол тадбиркорлик учун адолатли рақобат муҳитини таъминлашга хизмат қилади.
Н.Абдураимова,
Ф.Абдурасулов (сурат), ЎзА