Таҳлилларга кўра, Ўзбекистонга четдан олиб келинаётган дориларнинг 51 фоизи женерик, 39 фоизи биопрепаратлардан иборат бўлиб, онкологик, гормонал, қон препаратларининг нархи жуда қиммат ва бу беморларга жуда катта қийинчилик туғдирмоқда.
Мазкур муаммоларга ижобий ечим топиш мақсадида давлат раҳбари томонидан зарур технологияларни мамлакатга олиб келиш ва бу каби мураккаб компонентли дори-дармонларни Ўзбекистонда ишлаб чиқариш бўйича ташаббус илгари сурилган.
Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси мутасаддилари тақдим этган маълумотларга кўра, 2022 йилда ўрмон хўжаликлари томонидан 5 минг гектарга яқин майдонда доривор ўсимликлар плантациялари ташкил этилади ва мазкур майдонларда 8,5 минг тоннадан ортиқ дори хомашёси тайёрланади.
Бугунги кунга қадар тизимдаги 54 та ўрмон хўжаликлари томонидан жами 191,5 гектар майдонда янги 8 та турдаги доривор ўсимликларнинг оналик-тажриба плантациялари барпо этилди.
Мутахассисларнинг сўзларига кўра келгусида маданий ҳолда етиштириладиган доривор ўсимликларнинг турлари 64 тадан 68 тага етказилади.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА