Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Дори воситаларининг нархлари арзонлашади

Шу йилнинг йил 1 мартидан дорилар нархлари 40-60 фоизга арзонлашади. 1 июлдан эса яна 4 минг номдаги дори воситаларининг нархини тушириш режалаштирилган.

Бу ҳақда Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ахборот хизмати раҳбари Анвархон Акабиров маълумот берди:

– 2025 йилда республика бўйича қиймати 136 миллион доллар бўлган 48 та янги лойиҳа ишга туширилиб, 2 441 нафар янги иш ўрни яратилди. Ушбу лойиҳалар доирасида жами 392 миллион доллар инвестиция ўзлаштирилди, шундан 92 фоизи хорижий инвестициялар бўлиб, бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 2,3 баробарга ўсди.

Ҳудудларда жами 878 миллион долларлик 39 та лойиҳа, шу жумладан “Tashkent Pharma Park” фармацевтика кластерида 407 миллион долларлик 13 та лойиҳа жойлаштирилди.

Фармацевтика кластерида лойиҳалар сони 32 тага етди ва уларнинг умумий қиймати 981 миллион долларни ташкил этади.

Жумладан, 1 та лойиҳа ишга туширилди, 20 тасида қурилиш ишлари, 11 тасида эса лойиҳалаштириш ишлари амалга оширилмоқда.

Республикадаги фармацевтика эркин иқтисодий зоналарида 9,4 миллион долларлик 5 та лойиҳа ишга туширилди, шунингдек, 98,9 миллион доллар қийматидаги 17 та янги инвестиция лойиҳаси жойлаштирилди.

Тармоқ корхоналари томонидан 7,3 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди. Бу ишлаб чиқариш ҳажми миқдор жиҳатидан 128 фоизга, қиймат жиҳатидан эса 1,5 баробарга ўсганини кўрсатади.

46 та маҳаллий корхона томонидан импорт ўрнини босишга қаратилган 639 турдаги дори воситалари ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Бу кўрсаткич аввалги даврга нисбатан 2,7 баробарга ошди.

Умумий номланишлар сони 6 400 тадан ошди, маҳаллийлаштириш дастури доирасида эса 1,4 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди, яъни 1,9 баробар ўсиш қайд этилди.

Экспорт ҳажми 220 миллион долларга етди, бу ўтган йилга нисбатан 125 фоиз ўсишни ташкил этди. Экспорт амалга оширилаётган давлатлар сони 55 тага етди.

Жумладан, экспорт ҳажми БААга 4 баробар, Афғонистонга 4 баробар, Польшага 4 баробар, АҚШга эса 8 баробаргача ошди.

Янги инвестиция лойиҳаларини жалб қилиш мақсадида 700 дан ортиқ хорижий компаниялар билан учрашувлар ўтказилди.

Нархлари сунъий равишда оширилган 2 минг номдаги импорт дори воситаларининг референт нархлари қайта белгилаб чиқилди.

Дори воситалари ва тиббий жиҳозлар сифатини таъминлаш ҳамда маъмурий тўсиқларни қисқартириш мақсадида 19 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинди.

“Ромфарм НС” маҳаллий корхонаси томонидан қиймати 20 миллион долларга тенг 130 турдаги импорт дори воситаларини технологиялар трансфери асосида ишлаб чиқариш бўйича 10 та шартнома имзоланди.

2025 йил октябрь ойида Германияда бўлиб ўтган “CPHI Frankfurt 2025” халқаро кўргазмаси доирасида технологиялар трансфери йўналишида 20 та халқаро шартнома тузилди.

Фармацевтик инспекцияларни ўтказиш тартиби PIC/S халқаро ташкилоти талаблари асосида қайта кўриб чиқилмоқда.

2025 йилнинг декабрь ойида Ўзбекистоннинг PIC/S ташкилотига аъзо бўлиши учун расмий ариза топширилди.

Бугунги кунда ташкилот таркибига 50 дан ортиқ давлат, жумладан АҚШ, Европа Иттифоқи мамлакатлари, Япония ва Жанубий Корея аъзо ҳисобланади.

Моҳигул Қосимова, ЎзА