Ўзбекистонда синов тариқасида телефонга сунъий йўлдош орқали хабар юборилди
Ўзбекистонда рақамли технологиялар соҳасида яна бир муҳим қадам ташланди. Илк бор мамлакатимизда сунъий йўлдош орқали мобил қурилмага тўғридан-тўғри хабар узатиш технологияси синовдан ўтказилди. Бу эса чекка ҳудудларда алоқа ва интернет имкониятларини янада кенгайтиришга хизмат қилиши кутилмоқда.
“GSMA M360 Eurasia” халқаро форуми доирасида рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов глобал сунъий йўлдош ва рақамли алоқа ечимларига ихтисослашган Viasat компаниясининг минтақавий вице-президенти Ҳилми Текинсой билан учрашув ўтказди.

Мулоқот чоғида Ўзбекистонда сунъий йўлдош алоқа технологияларини ривожлантириш, чекка ҳудудларда интернет қамровини кенгайтириш ҳамда телекоммуникация инфратузилмасини модернизация қилиш масалалари муҳокама қилинди.

Томонлар илк бор Ўзбекистонда Viasat сунъий йўлдоши орқали мобил алоқа қурилмасига тўғридан-тўғри сунъий йўлдош хабарларини узатиш бўйича D2D технологияси синов намойишини ўтказди. Учрашувда ушбу технологиянинг имкониятлари ва техник хусусиятлари юзасидан батафсил фикр алмашилди.

Шунингдек, мамлакатда пилот лойиҳаларни амалга ошириш, дастлаб айрим ҳудудларда синов тариқасида жорий этиш ва кейинчалик ушбу ечимларни республика миқёсида кенгайтириш истиқболлари кўриб чиқилди.
Музокаралар давомида Viasat компанияси томонидан Ўзбекистон учун истиқболдаги миллий сунъий йўлдош ечимларини қўллаб-қувватлаш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Бундай лойиҳа мамлакатнинг космик технологиялар соҳасидаги салоҳиятини ошириши таъкидланди.
Нигора Раҳмонова,
ЎзА