Ўзбекистонда қанча олима аёл бор?
11 февраль — Халқаро илм-фан соҳасидаги хотин-қизлар куни
Маълумки, мамлакатимизда олима аёлларни қўллаб-қувватлаш, хотин-қизларни илм-фанга жалб этиш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда. Бунинг натижаси ўлароқ, илм-фанда аёллар кўрсаткичи йилдан-йилга ошиб бораётгани қувонарли.
Хусусан, 2025 йил январь ҳолатига Фанлар академияси тизимида жами 5 минг 243 нафар ходим фаолият юритади. Шундан 2 минг 93 нафари хотин-қизларни ташкил этади. Уларни фаолият турлари бўйича сарҳисоб қиладиган бўлсак, 997 нафари илмий ходим, 5 нафари академик, 117 нафари фан доктори, 272 нафари фан номзоди ва фалсафа доктори сифатида илмий изланишлар билан илм-фанимиз ривожига ҳисса қўшиб келмоқда.
Тизимда мавжуд 35 та ташкилотдан 4 тасида аёл директорлар раҳбарлик қилмоқда.
Фанлар академияси тасарруфидаги 31 та илмий ташкилот докторантураларида жами 337 та аёл таянч докторант, 26 та аёл докторантлар таҳсил олмоқда.
Хотин-қизлар орасида илм-фанга фидойилар бор экан, жамият, мамлакат тараққий этишдан тўхтамайди.
Нигора Раҳмонова,
ЎзА