Аввал хабар берилганидек, пойтахтимизда IV Бутунжаҳон креатив иқтисодиёт конференциясининг иккинчи кунги тадбирлари бўлиб ўтмоқда.
Мазкур анжуман дастури қатор мавзуларни ўзида жамлаган. Унда нафақат пленар йиғилишлар, панел муҳокамалар, балки маданий тадбирларнинг ўтказилиши ҳам кўзда тутилган. «Креатив иқтисодиёт дўстлари» ("Friends of Creative Economy") форуми креатив иқтисодиётнинг халқаро майдондаги ролини муҳокама қилишга қаратилгани билан янада аҳамиятли.
75 мамлакатдан 2 мингдан зиёд креатив соҳа раҳбарлари ва етакчилари мавзу доирасида ўз ютуқлари ва имкониятларини намойиш этаётгани мазкур тадбирнинг нуфузини оширмоқда.
Россиядаги Стратегик ташаббуслар агентлиги Креатив иқтисодиётни ривожлантириш маркази директори Екатерина Черкес-Заде анжуман кенг кўламда ташкил этилганини қайд этди. Унинг таъкидлашича, ушбу марказ фаолияти мамлакат тараққиётининг барқарор ҳаракатлантирувчи омили сифатида креатив иқтисодиёт, ижодий соҳаларни ривожлантиришнинг тизимли воситаларини ишлаб чиқиш ва интеграция қилишга қаратилган.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/d6bFAiLtSVc" title="Oʻzbekistonda oʻtkazilayotgan kreativ iqtisodiyot anjumani haqida xorijiy ekspertlar qanday fikrda?" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>
–Биз анжуманда 40 нафардан зиёд мутахассис билан иштирок этяпмиз. Улар турли соҳа вакилларидан иборат бўлиб, айнан креатив иқтисодиётни ривожлантириш бўйича шуғулланади. Албатта, ўзаро ҳамкорлик биз учун жуда муҳим. Тадбирда ўз лойиҳаларимизни тақдим қилдик. Халқаро аҳамиятга эга бўлган тадбир турли мавзуларни қамраб олгани билан эътиборлидир. Биз учун энг муҳими шуки, Россия ва Ўзбекистон ушбу йўналиш бўйича яқиндан ҳамкорлик қилмоқда, –деди Е.Черкес-Заде.
Британия Кенгашининг креатив иқтисодиёт дастури директори Реҳана Мугал ўз юртининг креатив иқтисодиёт бўйича яхши натижаларга эришганини таъкидлади.
–Буюк Британия креатив иқтисодиёт бўйича етакчилик қилади. Негаки, биз кўплаб соҳалар ривожида креатив ёндашувга аҳамият қаратганмиз. Умуман, жамият ҳаётининг гуллаб-яшнаши, ўсиши фақат маблағга эмас, балки бошқа жиҳатларга ҳам боғлиқ. Кейинги пайтда биз соғлом турмуш тарзига катта эътибор қаратганимиз учун барча соҳалар тенг ривожланяпти. Сунъий интеллектнинг иш ўринларига таъсири борлиги боис, бугун креатив иқтисодиётнинг имкониятларини янада яққол намоён этишимиз зарур. Анжуманнинг биринчи кунида бу борада эришилган ютуқларимиз тўғрисида сўзлаб бердим, – деди Р.Мугал.
Қозоғистон Республикаси Маданият ва ахборот вазири ўринбосари Евгений Кочетовнинг қайд этишича, IV Бутунжаҳон креатив иқтисодиёт конференцияси минтақада ташкил этилган асосий тадбирдир.
–Ушбу анжуманга қатнашаётганимиздан хурсандмиз. Қолаверса, у қардош Ўзбекистонда ўтказилмоқда. Бу анжуман минтақадаги асосий тадбир ҳисобланади. Биз Ўзбекистон каби креатив индустрияни фаол ривожлантиришга катта эътибор қаратяпмиз. Маълумки, парламентда бу бўйича қонун лойиҳаси кўриб чиқилмоқда ва у шу ерда қабул қилинишидан хабардормиз. Анжуманга катта делегация билан келганмиз. Улар ҳам креатив иқтисодиётни ривожлантириш йўналишидаги мутахассислардир. Шунингдек, тадбир доирасида вазирлик учрашуви ҳам ташкил этилади, – деди Е.Кочетов.
Насиба Зиёдуллаева, Анвархўжа Аҳмедов (видео), ЎзА