Ўзбекистонда ҳатто туристлар ҳам овқат танлашда қийинчиликка дуч келмайди
Соғлом турмуш тарзининг асосий омилларининг етакчиси тўғри овқатланишдир.
Мамлакатимизда хорижий сайёҳларга миллий таомларни парҳезга риоя қилиш билан боғлиқ хавотирларсиз тановул қилиш имконини берувчи янги лойиҳа йўлга қўйилди.
“Tourist Friendly Restaurant” лойиҳаси Туризм қўмитаси ҳузуридаги “Туристик маҳсулотларни ривожлантириш бўйича лойиҳа офиси” давлат муассасаси томонидан амалга оширилмоқда.

Ўзбек миллий таомлари анъанавий равишда гўштли ва тўйимли таомлари билан машҳур. Шу боис айрим хорижий сайёҳлар — хусусан, озиқ-овқат маҳсулотларига аллергияси бор, муайян парҳезга амал қиладиган ёки вегетариан таомларни афзал кўрадиган меҳмонлар миллий таомлар билан танишишда муайян қийинчиликларга дуч келиши мумкин.
Лойиҳа доирасида танлаб олинган ресторанларда анъанавий таомлар билан бир қаторда турли хил озиқ-овқат афзалликлари ва чекловларини ҳисобга олган таомлар ҳам таклиф этилади. Бундай ресторанлар учун инглиз тилидаги менюлар ишлаб чиқилиб, уларда аллергенлар — ёнғоқ, кунжут, глютен, лактоза каби маҳсулотлар аниқ кўрсатилади, таомларнинг калориялилик даражаси белгиланади ҳамда алоҳида вегетариан таомлар, жумладан, сабзавотли кабоб ва вегетариан манти каби таомлар тақдим этилади. Бундай ёндашув турли хил озиқ-овқат эҳтиёжларига эга сайёҳларга Ўзбекистон миллий таомларидан баҳраманд бўлиш ва ўзлари учун мос таомларни танлаш, шу билан бирга миллий таомларнинг анъанавий таъмларидан воз кечмаслик имконини беради.

Бундай ёндашув турли озиқ-овқат эҳтиёжларига эга сайёҳларга Ўзбекистон миллий таомларидан баҳраманд бўлиш, ўзлари учун мос таомларни осон танлаш ва шу билан бирга миллий таомларнинг анъанавий таъмидан воз кечмаслик имконини беради. Мазкур мақсадда Туризм қўмитаси томонидан ресторанлар вакиллари ҳамда ошпазлар учун амалий тренинглар ташкил этилмоқда. Тошкент шаҳрида навбатдаги маҳорат дарси ўтказилди. Аввалроқ, Хоразм ва Бухоро вилоятларида ҳам шундай ўқув машғулотлари ташкил этилган бўлиб, навбатдаги манзил Самарқанд шаҳри бўлади.

Машғулотлар давомида ошпазларга таомларнинг мослаштирилган технологик хариталари тақдим этилади. Ресторан ходимларига эса хизмат кўрсатиш, шунингдек, ўзбек миллий таомларини инглиз тилида тақдим этишнинг ўзига хос жиҳатлари ўргатилади. Шу билан бирга, тренингларда иштирок этиш ресторанга “Tourist Friendly” мақомини автоматик равишда олиш ҳуқуқини бермайди. Бу жараён ресторанларга янги менюларни жорий этиш ва лойиҳа талаблари асосида хизмат кўрсатишни йўлга қўйиш имконини беради. Рестораннинг лойиҳа талабларига қай даражада жавоб беришига якуний баҳони эса сайёҳларнинг ўзи беради. Улар QR-кодларни сканерлаш орқали кўрсатилган хизматлар ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини қолдириши мумкин.
Ресторан янги хизмат кўрсатиш даражасини амалда тасдиқлаб, меҳмонлардан ижобий фикрлар олганидан сўнг унга расман “Tourist Friendly” белгиси берилади. Шунингдек, ресторан халқаро гидлар ва туроператорларга тавсия этиладиган ресторанлар реестрига киритилади. Бу эса Ўзбекистонга ташриф буюраётган хорижий сайёҳлар учун миллий таомларни янада қулай ва хавфсиз шароитда таништириш, гастрономик туризм имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилади.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА