Ўзбекистон овози – аҳолига тун-у кун хизмат кўрсатадиган гастрономик кўча (+видео)
Президент ташрифидан сўнг...
Президент Шавкат Мирзиёев 23 апрель куни Мирзо Улуғбек тумани Ўзбекистон овози кўчасида ташкил этилган гастрономик туризм кўчаси фаолияти билан танишди.
Мазкур лойиҳа давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 30 апрелда қабул қилинган “Ички туризм хизматларини диверсификация қилишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида амалга оширилган.
Объект 2025 йил сентябрь ойида ишга туширилган. 24/7 режимида ишлайдиган гастрономик ва сервис кўча саналади. Лойиҳанинг бош режаси Россиянинг “City Makers” ва “Люди Архитекс” бюроси томонидан ишлаб чиқилган.

Тошкент шаҳар ҳокимининг туризм, маданият, маданий мерос ва оммавий коммуникациялар бўйича ўринбосари Азизхон Шавкатов пойтахтда фаолият юритувчи туризм ва гастрономик кўчаларда амалга оширилган ишлар юзасидан атрофлича маълумот берди:
– Бугунги кунда одамлар очиқ муҳитда сайр қилиб, гастрономик ҳудудларда дам олиш, мазали таомлардан баҳраманд бўлиш ва мазмунли вақт ўтказишга тобора кўпроқ қизиқяпти, – деди ҳоким ўринбосари. – Шу боис, бундай туризм кўчаларини кўпайтириш, уларни халқимизнинг урф-одатлари ва миллий анъаналари билан уйғунлаштириш кераклиги айтилди. Жумладан, ана шундай ҳудудларда миллий чойхоналар ташкил этилиб, маҳалла аҳлини бирлаштирувчи муҳит яратилиши, қазонда пишган ошнинг сопол лаганларда тортилиши орқали ўзбекона меҳмондўстлик ва анъаналарни намоён этишимиз топшириғи юклатилди. Бу орқали нафақат дам олиш, балки миллий ўзлигимизни намоён қилиш имконияти ҳам кенгаяди.
Давлатимиз раҳбари Ислом цивилизацияси маркази мисолида миллийликни тарғиб қилиш, маданий меросимизни асраб-авайлаш устувор вазифа бўлиши кераклигини айтдилар. Юртимизнинг имкониятлари кенг, шу боис юзлаб гастрономик кўчаларни ташкил этиш орқали ҳам иқтисодий, ҳам маданий юксалишга эришиш мумкин. Бундай кўчалар рақобат муҳитини шакллантириб, хизматлар сифатини ошириш ва нархларнинг барқарорлашувига хизмат қилади.
Сирғали, Янгиҳаёт каби ҳудудларда ҳам шундай масканларни ташкил этиш, ҳатто миллий анъаналаримизни акс эттирувчи янги лойиҳалар – масалан, туя миниш каби ноёб хизматларни йўлга қўйиш зарур. Бу эса туризм жозибадорлигини янада ошириб, инсонларда янгиликка интилиш ва қизиқиш уйғотади. Барча ташаббуслар марказида инсон, унинг эҳтиёж ва орзулари туриши керак. Шу боис, фуқаролар билан мулоқот қилиб, айниқса, ёш авлод учун қандай шароитлар яратиш зарурлигини ўрганашимиз лозим.
Батафсил видео интервьюни расмий саҳифаларимизда томоша қилинг.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/EW21yxAbN64" title="24/7 rejimida ishlaydigan ko’cha yana yuztaga ko’payadi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Беҳруз ХУДОЙБЕРДИЕВ,
Носиржон ҲАЙДАРОВ (фото),
Анвархўжа АҲМЕДОВ (видео),
ЎзА