Ўзбекистонда DOST миллий бренди остида автомобиллар ишлаб чиқариш бошланди
Жиззах вилоятида DOST миллий бренди остида автомобиллар ишлаб чиқарилиши бошланди. Лойиҳани амалга оширишнинг биринчи босқичида енгил тижорат транспорти (LCV) ишлаб чиқарилади.
Истиқболда миллий автомобил брендини ташкил этиш дастури ўзининг муҳандислик компетенцияларини ривожлантириш, маҳаллийлаштириш даражасини ошириш ва енгил автомобил ишлаб чиқаришни назарда тутади.
DOST’нинг биринчи маҳсулот туркуми тижорат транспортининг бир нечта турлари билан тақдим этилади:
Бортли юк автомобиллари ҳамда бир ва икки қаторли кабинали шассилар;
Яхлит металл кузовли фургонлар;
Автобуслар.
Ишлаб чиқаришнинг алоҳида йўналиши DOST шассиси асосида ихтисослаштирилган транспорт воситаларини ишлаб чиқариш бўлади. Буюртмачиларнинг эҳтиёжидан келиб чиқиб, тез тиббий ёрдам автомобиллари, рефрижераторлар, кўчма устахоналар, автодўконлар, автоминоралар (автогидрокўтаргичлар), кран-манипуляторлар, ижтимоий таксилар, мактаб автобуслари, фавқулодда вазиятлар хизматлари учун штаб автомобиллари ва эвакуаторлар ишлаб чиқариш кўзда тутилган.
Кенг турдаги маҳсулотлар туркуми иқтисодиётнинг турли тармоқлари, кичик ва ўрта бизнес, коммунал корхоналар, ижтимоий муассасалар ва давлат хизматлари учун ечимларни таклиф қилиш имконини беради.
Тижорат транспорти ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш миллий брендни ривожлантиришнинг биринчи амалий босқичи бўлади. У бозор эҳтиёжларини ўрганиш, маҳсулот туркумини шакллантириш, ишлаб чиқариш ва маркетинг ечимларини синовдан ўтказиш ва такомиллаштириш, шунингдек, лойиҳани янада кенгайтириш учун технологик асос яратиш имконини беради.
DOST биринчи миллий автомобил бренди концепциясининг устувор йўналишларидан бири ўзининг муҳандислик мактаби ва маҳаллий ишлаб чиқариш экотизимини шакллантиришга қаратилган. Лойиҳа доирасида маҳаллий автомобил бутловчи қисмлари ишлаб чиқарувчилари, етказиб берувчилар, пудрат, сервис ва логистика компаниялари билан ҳамкорликни босқичма-босқич кенгайтириш кўзда тутилган. Бу турдош тармоқлар, кичик ва ўрта тадбиркорликни ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш ва Ўзбекистоннинг саноат салоҳиятини мустаҳкамлаш учун қўшимча имкониятлар яратади.
DOST ривожланишининг навбатдаги стратегик босқичи — ўзининг енгил автомобилини яратиш. Тижорат транспортини ишлаб чиқариш жараёнида тўпланган тажрибадан янги моделларни ишлаб чиқиш, ишлаб чиқариш технологияларини ўзлаштириш ва муҳандислик инфратузилмасини ривожлантиришда фойдаланиш режалаштирилган.
Электрон почта: info@dostauto.uz